Тошкентда Туркиянинг етакчи компаниялари ўзбекистонлик талабалар учун меҳнат ярмаркаси ўтказди
Бугун, 4 май куни Тошкентдаги “Hyatt Regency” меҳмонхонасида олий таълим муассасаларининг битирувчи талаблари учун Туркиянинг етакчи ташкилотларидаги бўш иш ўринлари билан танишиш имкониятини берувчи “TALENT for BIZ” меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди, деб хабар қилди Kun.uz мухбири.
Унда Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Шароф Ражаббоев, Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Мехмет Суреййа Эр, Туркия президенти девони инсон ресурслари бошқармаси бошлиғи Салим Атай, шунингдек, Туркиянинг етакчи компания ва ташкилотлари, битирувчи талабалар, ОАВ ходимлари иштирок этди.
Туркия президенти девони Инсон ресурслари бошқармаси томонидан ташкиллаштирилган мазкур ярмаркада Туркиянинг етакчи компаниялари ўз иш фаолияти, қабул жараёни акс этган стендлар билан қатнашди.
Меҳнат ярмаркасида компаниялар вакиллари ва ўзбекистонлик талабалар учун юзма-юз мулоқот хоналари, ташкилотларнинг намунавий иш жараёни хоналари, ишга кириш аризаларини қабул қилиш каби йигирма беш хил хона ташкил этилди.
“Ўзбекистонда ўтаётган бу тадбир биз учун учинчиси ҳисобланади. Дастлабки ярмаркамиз бундан бироз вақт аввал, уч ярим миллиондан ортиқ турк миллати истиқомат қилувчи Германия Федератив Республикасида ташкил қилинганди. Иккинчи меҳнат ярмаркасини Англияда ташкил қилдик. Сабаби, бугунги кунда ушбу давлатда ўқиш, иш ва бошқа турли юмушлар билан минглаб юртдошларимиз яшамоқда. Ва ниҳоят, бизнинг учинчи тадбиримиз Ўзбекистонда ўтмоқда. Хўш, нега айнан Ўзбекистон? Чунки, Ўзбекистон бизнинг яқин қардошимиз. Қолаверса, президентимиз Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг ҳам Ўзбекистонга ҳурмати ва меҳри чексиздир”, деди Салим Атай тадбир очилишида сўзлаган нутқида.
Унинг айтишича, Туркияда қизиқарли ва айни дамда баҳсли бир мавзу бор: кўп ўқиган кўп биладими, кўп юрт кезганми?
“Тўғри, бу мавзуда ҳар кимнинг ўз фикри бор. Лекин менинг фикримча, ҳам кўп ўқиб, ҳам кўп юрт кезган киши энг билимли кишидир. Бугунги тадбирда сиз азиз ёшлар ҳам бизнинг турк компаниялари билан танишсангиз, келажакда Туркияга сафар қилсангиз, дунёқарашингиз янада ўсишига аминман” дейди Атай.
Мавзуга оид
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
21:21 / 17.10.2024