Жамият | 22:57 / 08.05.2019
6530
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Адлия вазирлигида коррупцияга қарши кураш учун махсус Telegram-бот ишга туширилди

Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан адлия идоралари ходимлари орасида коррупция ҳолатларига йўл қўйилиши ҳақида ўз вақтида хабар бериш, бу ҳолатларга зудлик билан жавоб бериш, уларнинг оқибатлари билан курашиш, бундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Telegram мессенжерида махсус бот – @antikorbot ишга туширилди.

Энди бу бот ёрдамида ноқонуний ҳаракатлар, жумладан Адлия вазирлиги ва унинг тизимига кирувчи таълим муассасаларида коррупциявий ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар бериш мумкин.

Хабарлар тегишли тартибда кўриб чиқилади. Шунингдек, мурожаат қилган шахс ҳақидаги маълумотлар сир сақланиши кафолатланади.

Вазирликда шу билан бирга қуйидагилар эслатиб қўйилди:

- туҳмат қилиш, яъни ёлғон, ўзга шахснинг номига доғ туширувчи бўҳтонлар тарқатиш энг кам иш ҳақининг 20 баробаридан (4 млн 54 минг 600 сўм) 60 баробаригача (12 млн 163 минг 800 сўм)  жарима солиниши;

- худди шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўллангандан кейин содир этилган туҳмат энг кам иш ҳақининг 200 баробаригача (40 млн 546 минг сўм) жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид