20:31 / 08.05.2019
4913

Тошкент ҳайвонот боғини ривожлантиришда БААлик мутахассисларни жалб қилиш режалаштирилмоқда 

Тошкент ҳокимлигида БААнинг “Ал-Айн” ҳайвонот боғи раҳбарияти ва Ўзбекистоннинг Falcon Hunting Solutions компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда хорижий ҳайвонот боғи мутахассисларининг 2016-2020 йилларда Тошкент ҳайвонот боғини ривожлантириш концепциясини амалга оширишда иштирок этиши масаласи кўриб чиқилди. 

Учрашув давомида Тошкент ҳокими ўринбосари Элбек Шукуров таъкидлаганидек, бу соҳада “Ал-Айн” ҳайвонот боғида тўпланган катта тажрибани ҳисобга олган ҳолда, пойтахт маъмурияти БААлик мутахассислар билан ҳамкорликдан мамнун бўлади.

Тошкент ҳокимлиги матбуот хизматида маълум қилинишича, келгусида Тошкент ҳайвонот боғи нафақат ҳайвонлар томоша қилинадиган жой, балки дам олиш, илмий ишланмалар маркази бўлади.

Томонлар томонидан қўшма лойиҳаларни самарали амалга ошириш учун хизмат қиладиган меморандум имзоланиши режалаштирилмоқда. Аввалроқ Ўзбекистон делегацияси “Ал-Айн” ҳайвонот боғига ташриф буюриб, у ерда тўпланган тажриба билан танишиб чиққан.

“Ал-Айн” ҳайвонот боғи умумий майдони 900 гектардан иборат бўлиб, у ерда ташриф маркази, табиат ва этнография музейи, ветеринар клиника, даволанишга муҳтож ҳайвонларни вақтинчалик сақлаш учун карантин зона, ҳайвонот боғи фаолиятида қўлланувчи техник воситаларга хизмат кўрсатиш мажмуалари, сафари турлар ўтказиш ва ноёб ҳайвонларни ярим эркин тарзда сақланишини намойиш қилиш учун мўлжалланган махсус ҳудуд (40 гектар) мавжуд. 

Falcon Hunting Solutions компанияси Ўзбекистонда биологик турфа хилликни муҳофаза қилиш, ноёб ёввойи ҳайвонларни сақлаш ва кўпайтириш ҳамда экологик ва ов туризмини ривожлантиришда кўмаклашади. 

Top