Ўзбекистон ва Қирғизистон хавфсизлик кенгашлари ҳамкорлик қилишга келишишди
14 май куни Бишкек шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши аппарати ва Қирғизистон Республикаси Хавфсизлик Кенгаши котибияти ўртасида илк икки томонлама маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.
Музокаралар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котиби Виктор Маҳмудов ва Қирғизистон Республикаси Хавфсизлик Кенгаши котиби Дамир Сагинбаев раислигида ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон – Қирғизистон маслаҳатлашуви механизми икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик, яхши қўшничиликни босқичма-босқич, изчил ривожлантиришдек умумий мақсадга хизмат қилиши, халқларимизнинг тинч-осойишта ҳаёт кечириши, улар фаровонлигини таъминлашга қаратилгани таъкидланди.
Бу каби маслаҳатлашувларнинг ўтказилиши Марказий Осиё минтақаси давлатлари хавфсизлиги, барқарорлиги ва жадал ривожланишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида қайд этилди.
Томонлар конструктив руҳдаги муносабатларни қўллаб-қувватлашга, хавфсизлик соҳасидаги Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлигини, жумладан, шартномавий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш ва амалий ҳаракатларнинг икки томонлама аниқ механизмларини ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни янада кенгайтиришдаги интилишлари қатъий эканини билдирди.
Маслаҳатлашувлар давомида экстремизм ва терроризмга қарши курашишда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар механизмини янада такомиллаштириш, чегаралар хавфсизлигини таъминлаш, умумий давлат чегараларида иқтисодий манфаатларни ҳимоя қилиш, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Тадбирда хавфсизлик соҳасидаги Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлигини янада ривожлантиришга доир ташаббус ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Ўзаро муносабатларнинг айни пайтдаги ўсиш даражасини сақлаб қолиш ва фойдаланилмаган имкониятларни ишга солиш орқали уни янада ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Маслаҳатлашувлар якунига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши аппарати ва Қирғизистон Республикаси Хавфсизлик Кенгаши котибияти ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум, шунингдек, хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтириш бўйича аниқ чора-тадбирларни кўзда тутувчи протокол имзоланди.
Мавзуга оид
22:01 / 12.11.2024
Қирғизистонда ҳокимиятни эгаллашга тайёргарлик кўрган етти киши қўлга олинди
16:44 / 11.11.2024
Саудия тараққиёт жамғармаси Қирғизистонда 38 та мактаб қуриб беради
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
17:48 / 06.11.2024