Ўзбекистон | 19:24 / 15.05.2019
6209
6 дақиқада ўқилади

Тошкентда «Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2019» халқаро кўргазмаси ва Power Uzbekistan-2019 конференцияси очилди

Фото: Энергетика вазирлиги

15 май куни Тошкентда “Ўзбекистон нефть ва гази OGU 2019” 23-Халқаро кўргазмаси ва Power Uzbekistan конференцияси 2019 очилди. Тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султонов ва «Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв, Буюк Британия ва Шимолий Ирландиянинг Ўзбекистондаги элчиси Кристофер Аллан сўзга чиқишди. Kun.uz мухбири Энергетика вазирлиги матбуот хизматидан олинган маълумотга асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

Алишер Султоновнинг тадбирда таъкидлашича, бу каби кўргазмаларнинг ўтказилиши Ўзбекистоннинг энергетика соҳаси учун жуда муҳим. 

Фото: Энергетика вазирлиги

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан энергия ва газ  таъминоти объектларини модернизациялаш ва қайта тиклашга, янги генерация объектлари ҳамда электр узатиш тармоқларини қуришга, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга, бу борада давлат-хусусий сектор шериклиги асосида инвестицияларни жалб этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда», - деди Султонов. 

Кўргазма доирасида ёш олимларнинг анъанавий кенгаши ҳам ўтказилади. Унда ёш мутахассислар нафақат мамлакатнинг энергетика соҳасидаги имкониятлари ва янги технологияларга оид билимларини бойитишади, балки ўзларининг ғоя ва ишланмалари хусусида ҳам ўзаро фикр алмашишади.

Тадбирда «Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв Халқаро энергетика конференцияси доирасида муҳокама этиладиган мавзулар хусусида тўхталиб ўтди.

«Булар ўзбекистонлик ҳамкорларимизни атом электростанциялари қуришни маҳаллийлаштириш, Россиянинг энг илғор хавфсизлик тизимларини ўз ичига олган атом блокларини яратишда "Росатом"нинг илғор технологияларини қўллаш ва бу лойиҳанинг ижтимоий ва иқтисодий жиҳатлари билан бир қаторда илғор рус технологияларини жорий этиш механизмларини кенгайтиришга хизмат қилади", - деди А.Лихачёв.

Фото: Энергетика вазирлиги

16 май куни Ўзбекистонда илк марта ўтказилаётган “Power Uzbekistan 2019” конференцияси ўз ишини бошлайди. Мазкур кўргазма ва конференцияда дунёдаги 31 мамлакатнинг 300 дан ортиқ компанияси иштирок этади. Улар орасида Австрия, Озарбайжон, Беларусь, Бельгия, Венгрия, Буюк Британия, Вьетнам, Германия, Дания, Ҳиндистон, Индонезия, Италия, Испания, Қозоғистон, Канада, ХХР, Корея Республикаси, Литва, Монако, Норвегия, БАА, Полша, Россия, Сингапур, АҚШ, Туркия, Ўзбекистон, Украина, Франция, Швейцария ва Япония каби мамлакатларнинг вакиллари бор. 

“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазма компанияси ва унинг ҳамкори ITE компаниялари гуруҳи кўргазманинг ташкилотчиси ҳисобланади. 

OGU-2019 кўргазмасида нефть ва газ қазувчи, сервис хизмати кўрсатувчи етакчи компанияларнинг янги технологиялари, муҳандислик ва дастурий ишланмалари намойиш этилади. Улар орасида Лукойл, Газпром, DOW, KNOC, Hyundai Engineering, Eriell, Enter Engineering, Turboden, SOCAR, Air Products, Endress + Hauser,  JUMO, KROHNE ва соҳанинг бошқа етакчи компаниялари борлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Кўргазмада Италия, ХХР, Россия компаниялари ўзларининг миллий стендлари билан иштирок этади. Жамоавий намойишларда эса Бавария (Германия), Татаристон Республикаси (Россия) вакиллари қатнашишади. Кўргазмада илк марта Канада компанияси – Россия ва Евроосиёдаги Канада ишбилармонлар уюшмаси иштирок этади (CERBA).

OGU-2019 нинг илк икки кунида «Ёш олимлар кенгаши» ўтказилади ва «Ёш мутахассислар куни» интерфаол сессияси билан ниҳоясига етади. 17 май куни соҳа ОЎЮ талабаларининг ўтказиладиган интерфаол сессиясида Тошкент кимё технологиялари институти, Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент филиали, М. Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети  талабалари ҳакамлар ҳайъатига нефть-газ соҳасидаги инновацион ишланмаларини тақдим этишади. Танлов якунида ғолиблар қимматбаҳо совғалар ва дипломлар билан тақдирланади.

Фото: Энергетика вазирлиги

Power Uzbekistan 2019 кўргазмаси ўзида энергетика мажмуасининг деярли барча тармоқларини ўзида мужассам этувчи соҳа вакилларини бирлаштиради. Булар қаторига энергия таъминоти, атом энергияси, электр техника қурилмалари, тикланувчи ва муқобил энергия манбалари каби соҳаларни киритиш мумкин. Power Uzbekistan дунё ёнилғи энергетика соҳасининг етакчи вакиллари: атом соҳасидаги 360 корхонани ўзида бирлаштирган «Росатом» давлат холдинги (Россия), General Electric (АҚШ) компанияларини тақдим этади. Доимий иштирокчилар сафидан   CALIK ENERJI, Aksa Jenerator San. A.S (Туркия), “Силовые Машины” (Россия), “ЗАПОРОЖТРАНСФОРМАТОР” (Украина), CENK (Туркия), LAMPAR Srl (Италия), Союзэлектроавтоматика (Россия), “Спецкабельэкспорт” (Россия) Минский электротехнический завод (Беларусь) ва бошқа компаниялар жой олган. Жамоавий намойишларда Чувашия Республикаси (Россия) экспортчиси ҳам иштирок этади.

Кўргазмада маҳаллий компаниялар ҳам фаол иштирок этмоқда ва улар орасида илк марта «ЎзАтом» агентлигини, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Иссиқлик электр станциялари» АЖ, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ каби компанияларни кўриш мумкин.

Тадбир доирасида Энергетика вазирлиги, «Ўзбекнефтегаз» АЖ, «ЎзАтом» агентликлари ва уларнинг бўлимлари раҳбарларининг хорижлик делегация ва компаниялар вакиллари билан B2G ва B2B форматидаги учрашувлари ўтказилади. Бундай учрашувлар форум иштирокчилари ўртасидаги мулоқот самарадорлигини оширишга, мавжуд алоқаларни ривожлантиришга ва нефт-газ соҳасига инвестиция киритишни рағбатлантиришга хизмат қилади. 

Мавзуга оид