Спорт | 19:00 / 16.05.2019
24046
12 дақиқада ўқилади

Топ-6: Ёз учун кимда қандай режалар?

ВВС журналисти Дэвид Орнштейн АПЛда инсайдлар бўйича катта авторитетга эга. Айниқса, «Арсенал» билан боғлиқ хабарларда, Ўзилнинг қолиши, Эмерининг келиши, Рэмзининг кетиши ҳақида ҳам илк бор унинг твитларидан билишган. Кеча у ВВС эфирида нафақат «Арсенал», балки барча инглиз топ-клублари ҳақида маълумотлар бериб, уларнинг ёзда ҳал қилмоқчи бўлаётган энг муҳим тезислари ҳақида гапириб берди.

«МАНЧЕСТЕР СИТИ»

Родрини сотиб олиш, Компани масаласини аниқлаштириш, Уан-Биссака трансфери ва Гундўған билан янги шартнома имзолаш.

 Пеп Гвардиола бугунги даражада тўхтаб турмоқчи эмас ва ўзи айтганидек, яна кучайишда давом этади. Асосий нишон – «Атлетико»нинг 22 ёшли таянч ярим ҳимоячиси Родри Эрнандес. Табиийки, Родри ўтган мавсумларда бу позицияда ёлғиз қолаётган Фернандиньонинг ўрнини босиши мумкин. Испаниялик футболчининг шартномасида 70 миллион евро миқдоридаги товон пули кўрсатилган. Шунингдек, «Порту»дан Бруно Фернандешни олиниши ҳақида хабарлар чиқди, аммо бу ҳақиқатдан узоқ.

Кучайтирилишили лозим бўлган иккинчи позиция – ҳимоя маркази. Венсан Компани ҳали келажаги борасида бир қарорга келмади. У жамоани тарк этиш эҳтимоли юқори, аммо ҳали унинг ўрнига бирор номзоднинг номи ошкор бўлгани йўқ. Шунингдек, ўнг қанот ҳимоячиси Аарон Уан–Бисакка учун ҳам «Манчестер Юнайтед» билан курашиш режаси бор, лекин ёш ҳимоячининг ўзи яна бир йил «Кристал Пэлас»да қолишни маъқул кўрмоқда.

Ушбу мавсумда Зинченконинг жуда яхши ўйин кўрсатиши эса, Пепни «Лестер» аъзоси Бен Чилуэллга бўлган қизиқишдан воз кечишга, шунингдек, доим жароҳатда юрадиган Мендини сотиш қарорига ундамоқда.

Илкай Гундўғаннинг шартномаси 2020 йилгача мўлжалланган ва ярим ҳимоячи билан янги шартнома тузилганча йўқ. Германиялик ярим ҳимоячи бу йил ҳам Манчестерда қолади ва штабнинг асосий вазифаларидан яна бири у билан янги келишувга имзо чекишдир. Бундан ташқари, «Сити» скаутлари «Чарльтон»нинг 22 ёшли таянч ярим ҳимоячиси Жо Арибони ҳам кузатишмоқда. Футболчи ўтган мавсумда 37 ўйинда майдонга тушиб, 10 гол ва 3 ассист муаллифига айланди.

«ЛИВЕРПУЛЬ»

Робертсонга шерик, Старрижга ўринбосар топиш, асосий таркибни сақлаб қолиш, кўп сарф қилмаслик.

Ўтган ёзни «Ливерпуль» жуда фаол ўтказиб, 4 нафар янги футболчини ўз сафига қўшиб олганди. Бу сафар вазият бошқача ва клуб кўпи билан икки нафар янги футболчини ўз сафига қўшиб олиши мумкин, холос. Шу билан бирга, етакчиларни осонликча бой бермаслигиям тайин, буни биз Коутиньо мисолида ҳам кўргандик.

Муҳим позиция чап қанот ҳимоясидаги Эндрю Робертсонга ўринбосар топишдир. Сабаби, баъзи ўйинларда уни алмаштириши мумкин бўлган Алберто Морено эркин агент сифатида жамоани тарк этмоқда. Шунингдек, Натан Клайнга ҳам қизиқишлар бор ва у ҳам катта эҳтимол билан Ливерпулни тарк этади. Демак, Клопп ҳар икки қанотда ҳам тўп сура оладиган ҳимоячи топиши ва бир ўқ билан икки қуённи уриши мумкин. Бундай футболчилар Клоппга ёқади.

Бу Даниэл Старриж билан ҳам шу ҳолат, унинг яхши йиллари ортда қолди, энди асосий таркибдаги ўрнини нафақат Фирмино, балки Оригига ҳам бой беряпти. Клуб ҳақиқий форвард эмас, универсалроқ бўлган ва керак бўлганда гол ура оладиган ҳужумчига эҳтиёж сезяпти. Юлиан Брандт варианти бор, аммо бу сафар у Ливерпулга қимматлик қилса керак.

Эсингизда бўлса, айнан Брандт икки йил олдин Клоппнинг асосий нишони бўлган, лекин трансфер амалга ошмагач, иккинчи номзод сифатида Муҳаммад Салоҳ олиб келинганди.

«ЧЕЛСИ»

Трансфер тақиқидан қутулиш, Азар учун Асенсиони талаб қилиш, Коутиньо ва Заадан бирини қўлга киритиш.

 Аслида ёзга катта режалар билан кириб келиши мумкин бўлган «Челси»га трансфер тақиқи халақит бериши мумкин. Навбатдаги апелляция «Челси»га буни олти ойга кечиктириш ва ёзда керакли харидларни амалга ошириб олиш имконини берадими, йўқми, номаълум.

Айниқса, марказий ҳужумчи жуда ҳам зарур. Яна ўша тақиққа бориб тақалади, агар ҳаммаси ўз жойида қоладиган бўлса, лондонликлар Оливье Жируни сақлаб қолиш, Миши Башуайи ва Тэмми Абраҳамга навбатдаги имкониятни беришга уриниб кўради. Агар трансферлар ойнасини очиб беришса, «Челси» Эдисон Каванини сотиб олишга уриниб кўрар экан. Уругвайлик ҳужумчининг Неймар билан муносабати яхши эмас ва клуб уни сотмоқчи.

Азар аллақачон ўзини «Реал»да кўрмоқда, аммо бу ерда ҳам тақиқ роль ўйнайди. Агар трансфер қилиш имкони берилмаса, Марина Грановская бор кучи билан бельгиялик футболчини олиб қолишга уринади. Агар очиқ бўлса, Азарни осонгина қўйиб юборишади. Унинг ўрнига Филиппе Коутиньо ёки Уилфрид Заа вариантлари кўриб чиқилади. Коутиньонинг агенти «Челси» билан жуда яқин алоқада, Заа вариантида эса, «Челси»га «Тоттенҳэм» халақит қилиши мумкин.

Шунингдек, Марко Асенсио номзоди ҳам бор. Уни Азарнинг трансферига қўшишмоқчи. Агар Эден Мадридга ўтсагина, «Реал» ўз тарбияланувчисини «Челси»га қўйиб юбориши мумкин.

«ТОТТЕНҲЭМ»

Сессеньонни олиш, Эриксен, Алдервейрелд ва Вертонгенни сақлаб қолиш, Ваньяма ва Дайер учун яхшироқ пул олиш

Эҳтимол, Дэниел Леви бу сафар ҳамёнини кавлашга мажбур бўлса керак. Бир йил мобайнида ҳеч кимни сотиб олмаган Почеттино бу сафар сабр қила олмаслиги мумкин.

Энг биринчи трансфер «Фулҳэм» футболчиси Райан Сессеньон бўлиши кутилмоқда. 18 ёшли футболчи бир қатор топ-клублар, ҳатто бошқа давлатлардан ҳам таклифларга эга, аммо у Лондонда қолишни маъқул кўрмоқда. Бу ҳолатда, албатта, у билан доимий мулоқотда бўлган «Тоттенҳэм» – фаворит. Айниқса, «Фулҳэм»нинг АПЛда қола олмагани вазиятни янада ойдинлаштириши табиий. Шунингдек, келаси йили шартнома муддати тугаб, эркин агентга айланадиган Райан учун пул олишга «Фулҳэм»да охирги имконият. Трансфер тахминан 25-40 миллионга ҳал бўлиши мумкин.

Ўнг қанот ҳимоясига эса, агар «Наполи» совчи қўяётган Киран Трипьер кетадиган бўлса, 19 ёшли Макс Ааронс кўриб чиқилмоқда. Ааронс «Норвич» таркибида ажойиб мавсум ўтказди ва жамоаси билан биргаликда АПЛ йўлланмасини қўлга киритди.

Аслида «Тоттенҳэм» учун энг оғир юмуш, худди ўтган йилги ёз каби, ўз футболчилари билан боғлиқ. Бир қатор футболчиларнинг келаси йилда шартномалари тугайди. Уларнинг текинга кетмасликлари учун ё янги шартнома имзоланиши ёки шу ёзда сотиб юборилиши керак бўлади. Клуб Тоби Алдервейрелд ва Ян Вертонгенни сақлаб қолиши лозим. Шунингдек, Эриксен масаласи бироз қийин – даниялик футболчи билан ҳам бир йиллик шартнома муддати қолган, холос. У билан янги келишувга эришилиши имконияти бор бўлса-да, унутмаслик керакки, футболчининг шартномасида агар «Реал» ёки «Барселона»дан таклиф тушса, қўйиб юборилиши лозимлиги кўзда тутилган.  

«АРСЕНАЛ»

«Хетафе» ҳимоячисини сотиб олиш, Нкунку ва Рабьодан бирини қўлга киритиш, ёшларни жалб қилиш

Унаи Эмерининг режалари Европа Лигаси финалига ҳам боғлиқ бўлиб турибди. Агар клуб ушбу ўйинда ғалаба қозонса, янги соврин, ЕЧЛ йўлланмаси, олқишлар ва каттароқ трансфер бюджетига эга бўлади. Акс ҳолда эса, мавсум муваффақиятсиз баҳоланади ва максимум 40 миллион фунт сарфлашга рухсат тегади.

Энг муҳим позиция – марказий ҳимоя. «Хетафе» таркибида ЕЧЛ йўлланмаси учун курашаётган Жен Даконам ўтган йилдан бери лондонликлар кузатувида турибди. 27 ёшли ҳимоячи ўшанда 35 миллионга баҳоланганди, энди, шартнома муддати камайгани эътибори билан 15 миллион евро атрофидаги нархга уни сотиб олиш мумкин бўлади.

Иккинчи позиция – «бокс ту бокс» услубидаги ярим ҳимоячи. «Арсенал» «ПСЖ»га керак бўлмай қолган Кристофер Нкунку ва Адриен Рабьодан бирини қўлга киритмоқчи бўляпти. Нкунку январдаёқ Лондонга келиши мумкин эди, Рабьо масаласида эса, бошқа топ-клублардан қизиқишлар, ҳамда футболчининг «ПСЖ» билан доимий зиддияти ўйлантириб қўймоқда.

Шунингдек, ёзда бир қатор ёш футболчилар ижарадан қайтиши ва жамоа ўз одатига хос тарзда академия вакилларидан ҳам асосий таркибга номзодларни саралашини ҳам инобатга олиш керак. Эмили Смит Роу, Жо Уиллок, Букано Сака ва Германияда ҳамманинг эътиборига тушган Рис Нелсон шулар жумласидандир. Булар ичида 17 ёшли Сака энг салоҳиятлиси ҳисобланмоқда.

«МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД»

Кулибали ва Уан-Биссакани сотиб олиш, Погба масаласини ҳал қилиш, Санчони кўндириш

Худди ўтган йил бўлгани каби, «МЮ»га марказий ҳимоячи жуда зарур. Калиду Кулибалига қизиқиш катта, аммо «Наполи» жуда катта нарх қўйиб ташлаяпти. Ҳатто 150 миллион евро товон пули опциясини ишга тушириш учун ҳам келаси йилни кутиш керак. Балки, шунинг учун манчестерликлар бошқа иқтидорли ҳимоячи топишлари ёки вақтинча тажрибали ҳимоячини ўз сафига қўшиб олишга уринишлари мумкин.

Антонио Валенсия кетди, Эшли Янг қониқтирмаяпти – клуб раҳбарлари ўнг қанот ҳимоячи борасида ҳам фаол изланишдалар. Юқорида тилга олинган Уан-Биссака учун «Сити» билан рақобатлашса ҳам бўлади, аммо футболчининг ўзи ҳеч қаерга кетмоқчи эмас. «МЮ» Диогу Далотнинг ўсишидан умид қилиши ёки академиядан Итан Лэйрдни жалб қилиши мумкин.

Поль Погба сотиладиган бўлса, катта пул ва вазифа пайдо бўлади – унинг ўрнини босиш учун кимдир керак. Аммо бу борада ҳали аниқ ҳолат йўқ.

«Юнайтед» Жейдон Санчони қўлга киритмоқчи. Унинг нархи 100 миллион атрофида бўлади, клубда пул бор, Санчонинг ўзи ҳам Англияга қайтишни маъқул кўрмоқда. Яқиндагина бу трансфер жуда осон ҳал бўладигандек туюлганди, аммо «МЮ»нинг ЕЧЛга чиқа олмагани вазиятни ўзгартирди. Санчо эса, ЕЧЛда қатнашишни истамоқда. Айни вақтда у билан Европанинг топ-клублари – «Барселона», «Реал», «ПСЖ» ва «Ювентус».

Шунингдек, Алексис Санчес билан ҳам ҳал қилиш керак. Бу ҳам муаммо – жамоада у ўйнаб кета олмади, сотиш учун эса, Санчеснинг маоши жуда юқори. Чилилик футболчи унинг камайишига ҳам рози бўлиши керак.

Мавзуга оид