Жамият | 08:32 / 27.05.2019
13136
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда махсус бланкаларда рецепт ёзиш бўйича назоратни кучайтириш таклиф этилди

Фото: Pinterest

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида тиббиёт муассасаларида беморлар учун дори воситаларининг рецептини махсус бланкаларга ёзиш ҳақида петиция эълон қилинди.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда барча соҳаларда туб ўзгаришлар бўлмоқда, давлат раҳбари томонидан соғлиқни сақлаш тизимига катта эътибор қаратилиб, ривожлантириш бўйича чоралар кўрилмоқда.

“Лекин, соҳада айрим камчиликлар сақланиб қолмоқда. Бу камчиликлардан бири беморларга дорилар рецептини шифокорлар томонидан жуда ҳам ноаниқ ва тушунарсиз тарзда ёзилишидир. Шифокорларнинг бу масалага совуққонлик билан қараши, масъулиятсизлиги оқибатида баъзи ҳолларда дори воситасини харид қилиш ва қўллашда кўнгилсиз ҳолатларга сабаб бўлмоқда”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.

Билдирилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан дори воситалари рецептини бериш тартиби ишлаб чиқилган, лекин бу тартибга етарлича амал қилинмаяпти. Берилган рецептларнинг тасдиқланмай, тушунарсиз тарзда ифодаланиши фуқаролар саломатлигига жавобгарлик ҳиссининг тобора унутилиб боришига олиб келмоқда.

“Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, биринчидан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт муассасаларида махсус бланкаларда рецепт ёзиш бўйича назоратни кучайтириши, бу борада шифокорларнинг жавобгарлигини оширишга алоҳида эътибор берилиши;

иккинчидан, дори воситалари рецептини ҳужжат даражасида ишлаб чиқиш, рецептда камида даволаш муассасасининг номи, беморнинг исми, фамилияси, ёши, рецептни ёзган шифокор тўғрисидаги маълумот, шахсий муҳри, рецептнинг амал қилиш муддати, шифокорнинг телефон рақами кўрсатилиши лозим”, - дейилади петицияда.

Мавзуга оид