Ўзбекистон | 08:56 / 08.06.2019
10242
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Японияга қўшимча 28 турдаги мева-сабзавот экспорти бўйича келишувга эришди

Фото: Flickr / Ken Flottman

Япония томони Ўзбекистондан қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг қўшимча 28 турини экспорт қилиш имконини бериш бўйича рухсатномасини тасдиқлади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси хабар бермоқда.

Қайд этилишича, маҳсулотлар орасида хурмо, тарвуз, малина, анжир, ер ёнғоқ, бодом, грек ёнғоғи (ташқи пўстлоғисиз), ловия, мош, кунжут, коврак, жийда, кабачки, айсберг салати, укроп, кашнич, петрушка, сельдерей, райҳон, руккола, ялпиз, латук, яшил пиёз, пиёз, сабзи, карам, қовоқ ва редиска бор. Ушбу маҳсулотлар карантин назоратидан ўтказилиши ва зарур ҳолларда зарарсизлантириш (фумигациялаш) лозим бўлади.

Билдирилишича, аввал 26 та мева-сабзавот ва полиз маҳсулоти (қовун, узум, анор, лимон, саримсоқ пиёз, лавлаги, бодринг, қулупнай, хандон писта, шу билан бирга, қуритилган мева-сабзавотлар: ўрик, майиз, олхўри, қовун, олча, гилос, олма, шафтоли, нок, аччиқ қалампир, пиёз, сабзи, картошка, булғор қалампири, нўхат, коврак, қуритилган кўкатлар)ни экспорт қилишга фитосанитар рухсати олинган эди.

Шунингдек, делегация аъзолари Япония Фумигация технологияси ассоциациясида мева-сабзавот маҳсулотларини зарарсизлантириш (фумигациялаш) бўйича ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида учрашув ўтказди.

Ташриф доирасида делегация аъзолари фитосанитария соҳасидаги Япония тажрибаси, яъни логистика марказлари, аэропортда ва карантин лабораториясида карантин юкларининг фитосанитария талаблари асосида текшириш усуллари ҳамда экинларнинг карантин назоратидан ўтказиш тартиблари билан яқиндан танишдилар.

Бундан ташқари, учрашувда томонлар икки мамлакатнинг ўсимликлар карантини бўйича илмий-тадқиқот марказлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича Япониянинг JICA халқаро ҳамкорлик агентлиги билан фаол ҳамкорлик қилиш юзасидан ҳам келишувга эришдилар.

Шу билан бирга, Япония томони гилос, аччиқ қалампир, олма, шафтоли ва олхўрини истисно тариқасида Ўзбекистондан экспорт қилишга рухсат бериш масаласини тезлаштириш учун барча имкониятларни ишга солишга тайёр эканликларини билдирди, дейилади инспекция хабарида.

Мавзуга оид