Жамият | 21:42 / 19.06.2019
60745
9 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги перинатал марказда нега бир кунда беш чақалоқ нобуд бўлди?

Самарқанд вилоят перинатал марказида шу йил февраль ойининг сўнгги кунида содир бўлган воқеа ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда айланмоқда.

Унга кўра, Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи, 21 ёшли Г.К. 2019 йил 28 февраль куни соат 11:30да кўзи муддатидан аввал ёрийди ва чақалоқ дунёга келтиради. Чақалоқ шу куни соат 17:40да нобуд бўлади. Тарқалган хабарларда шу куни Самарқанддаги перинатал марказда жами 5 нафар чақалоқ нобуд бўлгани ҳам факт сифатида келтирилган.

Г.Қ. ва унинг турмуш ўртоғи Ф.М. вилоят ИИБга мурожаат қилиб, турмуш ўртоғи К.Г.нинг қиз жинсли чақалоқ туғгани, шу куни кечроқ шифокорлар турмуш ўртоғи Қ.Г.га унинг чақалоғи вафот этганини айтиб, унга ўғил жинсли чақалоқ мурдасини бериб юборганини маълум қилиб, ушбу ҳолат юзасидан ҳақиқатни аниқлаб беришни ҳам сўраган.

Kun.uz Самарқанд вилоят перинатал марказида ўтган йили ҳам шунга ўхшаш воқеа рўй берганидан сўнг журналистлик суриштирув ўтказган эди. Ўшанда, доянинг айби билан туғилган, кейинчалик вафот этган чақалоқнинг жинси рўйхат китобига нотўғри қайд қилингани сабабли можаро келиб чиққан эди.

Лекин, бу сафаргиси янада аянчлироқ. Иддаога кўра, туғилган чақалоқнинг жинси унинг ота-онасига «қиз» деб маълум қилинган, кейин уларга ўғил боланинг жасади берилган, ота-она шубҳаланиб, ДНК экспертизаси қилдиришганида чақалоқ умуман уларга тегишли эмас бўлиб чиққан!

Буни Самарқанд вилоят ИИБ матбуот хизматининг Kun.uz’га берган маълумотномаси ҳам тасдиқламоқда. Унга кўра, «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази томонидан ўтказилган одам ДНКси экспертизасининг 2019 йил 31 майдаги 4250/12Д-сонли хулосасига кўра, вафот этган чақалоқ мурдасидан олинган биологик намуналар ариза муаллифлари Г.К. ва Ф.М.нинг вафот этган чақалоққа нисбатан биологик ота-оналиги тасдиқланмагани аниқланган».

Kun.uz мухбири ва бошқа журналистлар перинатал марказда бўлиб, воқеа гувоҳлари ҳамда мутасаддилардан воқеа тафсилотларини сўради.

Вилоят перинатал маркази директори Лола Ҳамроеванинг айтишича, бу масканда вилоятдаги барча оғир аҳволдаги ҳомиладор оналар даволанади ва туғруқ қабул қилинади. Яъни бу масканда оналар ва болалар ўлими кузатилиши табиий. Марказнинг шаҳар ва туманлардаги туғруқхоналардан фарқи ҳам шунда. Бугунги кунга келиб шаҳар ва туман туғруқхоналарда оналар ва болалар ўлими кузатилиши нотабиий ҳолат сифатида баҳоланади. Бундай нохуш воқеалар фақат перинатал марказда кузатилади.

Воқеа юз берган кунлари Германия Федератив Республикасида ўқишда бўлган директор Л.Ҳамроеванинг айтишича, айнан мана шунинг учун вилоят перинатал марказида койкаларнинг тўлиши 133 фоизга тенг. Гарчи, 2007 йилда ташкил этилган перинатал марказда 190та койкага мўлжалланган. 2018 йил давомида даволанган беморлар сони 16 мингдан ортиқроқни ташкил этади. Уларнинг қарийб 80 фоизи қишлоқ туманларидан келишган.

Хусусан, 2019 йилнинг дастлабки 5 ойида марказда жами туғилган чақалоқларнинг 2,3 фоизи ё ўлик туғилган ёки паталогия туфайли дунёга келиб, кейинчалик вафот этган. Ўтган йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 4,9 фоизга тенг бўлган ва бу борада катта муваффақиятга эришилган.

2019 йил 28 февраль куни Г.К. дунёга келтирган чақалоқ ва шу куни яна бошқа 4 нафар чақалоқнинг нобуд бўлганини перинатал марказ шифокорлари шундай тушунтиришди:

Фақатгина фуқаро Г.К. 28 февраль куни соат 11:30да дунёга келтирган чақалоқ орадан 6 соат ўтгач, 17:40да вафот этади. Бунга сабаб — чақалоқнинг муддатидан аввал (27 ҳафталик) туғилгани, ўпкаси яхши ривожланмагани сабаб қилиб кўрсатилган. Чақалоқларнинг қайд этиш журналида ҳам, реанимация журналида ҳам туғилган чақалоқнинг жинси ўғил, вазни 1330 грамм, бўйи 34 см экани қайд этилган.

Перинатал марказ директори ўринбосари (воқеалар юз берган ўша кунлари у марказда директор вазифасини бажариб турган) Санжар Суяровнинг айтишича, Г.К. марказга 25 февраль куни қабул қилинган. Бунгача — 19 февраль куни РШТТЁИМнинг Самарқанд филиали шошилинч хирургия бўлимида ўткир кўричак хуружи билан қабул қилинган ва наркоз остида операция қилинган.

«Гарчи асоратсиз кечган эса-да, операциядан сўнг олти кун ўтиб, муддатидан аввал туғиш хавфи кучайиб, тўлғоқ бошланган. Қорин бўшлиғида наркоз олиб операция ўтказилиши ҳомиладор аёл учун оғир ҳолат ҳисобланади ва бу боланинг муддатидан аввал туғилишига сабабчи бўлувчи омилдир», деди С.Суяров Kun.uz мухбирига.

Албатта, туғилишни қайд этиш журналида чақалоқ жинсининг бўялгани, реанимация бўлимига ўтказилган чақалоқлар журналида эса айнан шу чақалоқ жинсининг «маль» (русча — мальчик демоқчи) сифатида қайд этилгани бир қараганда шубҳали кўринмоқда, бироқ перинатал марказ ходимлари бир овоздан жинс аввалбошдан тўғри ёзилганини эътироф этишди. Ва журналда аввал ҳам ўғил чақалоқлар жинси «маль» тарзида ёзилганини топиб беришди.

Касаллик тарихи билан танишиб кўрайлик, деганимизда бу ҳужжатлар терговчидалигини айтиб, тақдим қила олишмади.

28 февраль куни перинатал марказда яна 4 нафар чақалоқ дунёдан ўтади. Лекин уларнинг уч нафари 25 февралда дунёга келган, бири эса 26 февралда. Шу куни ўлган чақалоқларнинг барчаси турли патология билан дунёга келишган ва муддатидан аввал туғилишган:

1. Онаси — Ш.Э. (1988 йилда туғилган). 2-туғруқ. 25 февралда муддатидан аввал 35 ҳафталик ўғил жинсли чақалоқ туғган. Чақалоқ вазни 1900 г, бўйи 42 см. Туғилган чақалоқ ташхиси: Нафас бузилиши синдроми, нафас етишмовчилиги оғир даражаси, туғма юрак нуқсони.

2. Онаси — М.М. (1994 йилда туғилган). 3-туғруқ. 25 февралда муддатидан аввал 38 ҳафталик қиз жинсли чақалоқ туғган. Чақалоқ вазни 3160 г, бўйи 50 см. Туғилган чақалоқ ташхиси: Ҳомила ичи пневмонияси, марказий нерв тизимининг перинатал зарарланиши, бош мияга қон қуйилиши, ДВС синдроми.

3. Онаси — Н.Э (1990 йилда туғилган). 4-туғруқ. 25 февралда муддатидан аввал 34 ҳафталик ўғил жинсли чақалоқ туғган. Чақалоқ вазни 2000 г, бўйи 43 см. Туғилган чақалоқ ташхиси: Нафас бузилиш синдроми, нафас етишмовчилиги оғир даражаси.

4. Онаси — С.Ҳ. (2000 йилда туғилган). 1-туғруқ, 26 февралда муддатидан аввал 30 ҳафталик ўғил жинсли чақалоқ туғган. Чақалоқ вазни 1900 г, бўйи 39 см. Туғилган чақалоқ ташхиси: Кўплаб туғма нуқсон (туғма ихтиоз, туғма юрак нуқсони).

Шу куни вафот этган чақалоқларнинг 4 нафари ўғил жинсли, бири қиз. Вафот этган ўғил чақалоқларнинг вазни бир хил. Ягона қизалоқнинг вазниям, жуссасиям каттароқ.

Бизга тушунтиришларича, перинатал марказда нобуд бўлган чақалоқлар доим ўлим сабаби аниқланиши учун суд-тиббиёт экспертизасидан ўтказилиши, қўпол қилиб айтганда — ёриб кўрилиши керак экан.

Лекин чақалоқнинг ёриб кўрилишига ҳамма ота-она ҳам кўнавермас экан. Қаршилик қилишга врачларда куч ҳам, ваколат ҳам йўқ. Жумладан, Г.К.нинг дунёга келтирилган чақалоғи нобуд бўлгач, ёриб кўриш учун ўтказилаётганида марказда жанжал кўтарилган. Алал-оқибат далолатнома тузилиб, чақалоқ мурдаси эгаларига бериб юборилган.

Хуллас, Самарқанддаги перинатал марказда яна тушунарсиз ҳолат юз бермоқда. Кимларнингдир эътиборсизлиги туфайли чақалоқнинг жинси ота-онасига нотўғри етказилгани оқибатида мана шундай тушунмовчиликлар рўй берганмикан? Ёки шу куни ўлган чақалоқларнинг тўрт нафари ўғил жинсли бўлгани, уларнинг жуссалари ва вазни қарийб бир хил бўлганидан, чиндан ҳам мурда алмашиб қолгандир?

Мана шундай тушунмовчиликлар бўй кўрсатаверар экан, нафақат Самарқанд, республикамиздаги барча перинатал марказлар ва туғруқхоналардаги журналларда туғилган чақалоқларнинг жинсини рус тилида «муж» ва «жен», айниқса «маль» ўлароқ қисқартириб қайд этилишига ҳам чек қўйиш вақти келмадими?! Шуни ўзбекчалаб «ўғил», «қиз» каби ёзиш ёки «ўғил/мужчина» ва «қиз/женщина» каби тўлиқ ёзиш тартиби жорий қилинишига фурсат етгандир?

Нима бўлганда ҳам мазкур ишга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўзининг ҳуқуқий баҳосини беради. Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан 2019 йил 4 июнь куни Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 124-моддаси (Болани алмаштириб қўйиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Kun.uz мазкур воқеа нима билан тугашини кузатиб боради.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,

Kun.uz мухбири

Мавзуга оид