14:36 / 19.06.2019
10475

Танқидга муносабат: Фарғона шаҳридаги ичимлик суви қувури таъмирланиб, аҳолига сув таъминоти тикланди

15 май куни Kun.uz сайтида Фарғона шаҳри, «Мададкор» МФЙ ҳудудидаги Истиқлол ва Саид Аҳмад кўчалари кесишмасида ётқизилган қувур етти йилдан бери ёрилиб ётгани, оқибатда минглаб кубометр ичимлик суви исроф бўлаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Мақолада ер остидаги диаметри 500 мм бўлган қувурдан катта босим билан отилиб чиқаётган сув канализация тармоғига оқиб кетаётгани ҳамда катта намлик туфайли йўл қисми чўкиб, аҳолига катта ноқулайлик туғдираётгани кўрсатилган.

Шаҳар «Сувоқова» вакиллари шаҳарнинг катта қисмига ичимлик суви етказиб берувчи қувурни таъмирлаш учун бир-икки сутка давомида ўша ҳудудга сув етказиб берилмаслиги учун пайсалга солинаётганини билдиришганди.

Аҳоли вакилларининг бизга фотосуратларни жўнатган ҳолда хабар беришларича, мақола Kun.uz сайтида эълон қилингач, ўша куннинг ўзида тегишли соҳа вакиллари етиб келиб, таъмирлаш ишларига киришган.

18 июнь куни Фарғона шаҳрида бўлиб, муммоли ҳолат юз берган Истиқлол кўчасига бордик. Дарҳақиқат, Фарғона шаҳар «Сувоқова» корхонаси томонидан камчилик тўла бартараф қилиниши арафасида экан.

Шаҳар «Сувоқова» корхонаси раҳбари Маҳмуджон Тожибоев бизга қуйидагича ахборот берди: «Фарғона вилоят «Сувоқова» ДУК Фарғона шаҳар филиали ишчи ходимлари мавжуд камчиликни бартараф этиш ишлари 16 июнь куни соат 16 :00да бошланиб, 17 июнь куни соат 17:00да якунига етказилди. Таъмирлашдан олдин шаҳарнинг мана шу қувурдан сув ичадиган қисми маҳаллий телевидение ва радиоси орқали огоҳлантирилди. Тармоқда иш ташкил этилган вақт давомида эса аҳолининг сувга бўлган талабини қондириш мақсадида, 3та махсус машиналарда аҳоли хонадонлари, ташкилот ва муассасаларга ичимлик суви етказиб берилди. Соҳа ходимлари томонидан иш ташкил қилиниши натижасида Фарғона шаҳар, «Мададкор» МФЙ ҳудуди Истиқлол кўчасидаги диаметри 500 миллиметрлик марказий ичимлик сув тармоғининг 20 метр узунликдаги носоз қисми алмаштирилди.

Вазият Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳамда Фарғона вилоят ҳокимлиги томонидан тўлиқ назоратга олиниб, айни пайтда сув тизими фаолияти қайта ишга туширилди ва аҳолига ичимлик суви етказиб бермоқда».

Биз борган пайтда сув қувурининг носоз қисми алмаштирилиб, аҳолига сув бериш ишлари бошланган экан. Қувурни тўла кўмиб, текислаш ва аҳолига ноқулайлик туғдирмаслик учун ҳаракат давом этмоқда.

Элмурод Эрматов,
Фарғона
Kun.uz мухбири

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top