Иқтисодиёт | 18:10 / 21.06.2019
6224
2 дақиқада ўқилади

МБ сўровномаси: Респондентларнинг 54 фоизи хориж валютасида жамғармага эга

Марказий банк ташқи сектор статистикасини яхшилаш мақсадида ўтказилган сўровнома натижаларини тақдим этди.

Тўлов баланси ва халқаро инвестицион позиция (ташқи сектор) ҳисобини яхшилаш доирасида 2019 йилнинг 31 майидан 13 июнига қадар аҳоли орасида аноним тарзда сўровнома ўтказилди.

Сўровномани тўлдиришда қулайлик яратиш ҳамда кенг аудиторияни қамраб олиш мақсадида, сўровнома интернет тармоғида ижтимоий тармоқлар платформалари орқали тарқатилди. 

Сўровнома  уч қисмга бўлинган бўлиб, қуйидаги мазмундаги саволларни ўз ичига олган:
- чет эл валютасидаги жамғармалар тўғрисида;
- тижорат мақсадида Ўзбекистонга олиб кирилган ва Ўзбекистондан олиб чиқилган товарлар тўғрисида (моккилик савдоси);
- чет элдан олинаётган ва/ёки кўрсатилаётган молиявий ёрдам тўғрисида. 

Сўровномада жами 2165 нафар респондент иштирок этди.

Сўровнома натижаларига кўра, 54 фоиз респондент (1170 киши) чет эл валютасида жамғармалари мавжудлигини маълум қилган. 

Аҳолининг вилоятлар кесимидаги ўртача даромадларини ҳамда респондентларнинг жавобларини инобатга олган ҳолда жамғармаларнинг ўртача миқдори жон бошига 1 134 доллар эканлиги маълум бўлди. Шундай қилиб, ҳисоб-китоблар ҳамда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони тўғрисидаги маълумотлар асосида, чет эл валютасидаги жами жамғармалар суммаси 10,2 млрд. доллар миқдорида баҳоланди.

Мавзуга оид