Ўзбекистон | 22:02 / 22.06.2019
27886
3 дақиқада ўқилади

Фуқаровий ва хизмат қуролларини қайси ҳолларда қўллаш мумкин?

Олий Мажлис Сенатининг 20-ялпи мажлисида “Қурол тўғрисида”ги қонун маъқулланди. Kun.uz мухбирининг маълум қилишича, ушбу қонун Президент томонидан имзоланганидан сўнг 6 ой ўтгач, расман кучга киради.

Ўзбекистон ҳудудида қурол билан муомала, унинг ҳуқуқий изоҳи, турлари ва бошқа муносабатларига ойдинлик киритилган мазкур қонунда фуқаровий ва хизмат қуролидан фойдаланиш ҳолатлари ҳам белгилаб берилган.

Қонуннинг 26-моддасида қайд этилишича, фуқаровий ва хизмат қуролини сақлаш ҳамда олиб юриш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахслар зарурий мудофаа ҳолатида ёки ўта зарур ҳолатда ўз ҳаёти ва соғлиғини, бошқа фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳамда мол-мулкни ҳимоя қилиш учун қуролни қўллаши мумкин.

Шу билан бирга, қуролни қўллашдан аввал, қарши қурол қўллаётган шахсни аниқ ифодаланган тарзда огоҳлантириши керак. Огоҳлантириш имкони бўлмаса, ёки қуролни кечроқ қўллаши фуқаролар ва қурол эгасининг ҳаётига бевосита хавф туғдирса ёхуд бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлганда, огоҳлантиришсиз қўллашга рухсат берилади.

Аммо, қуролнинг қўлланилиши учинчи шахсларга зарар етказмаслиги керак.

Қонун моддасида қайд этилишича, ҳомиладорлик белгилари кўриниб турган аёллар, ногиронлик белгилари кўриниб турган шахслар, ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаганларга нисбатан фуқаровий ва хизмат қуролини қўллаш тақиқланади. Аммо, улар қуролли қаршилик кўрсатганда, фуқароларнинг ёхуд қуролни қўллаётган шахснинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид этиб ҳужум қилинганда, юқоридаги шахсларга қарши қуролни қўллаш мумкин бўлади.

Бундан ташқари, қурол эгаси қуролини қўллаган, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказган ҳар бир ҳолат тўғрисида қурол қўлланилган жойдаги ички ишлар идорасига дарҳол хабар қилиши шарт ҳамда фуқаролар соғлиғига зарар етган тақдирда, уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиши, биринчи ёрдам берилиши чораларини кўриши керак.

Ички ишлар идораси эса, шу каби ҳар бир ҳолат бўйича прокурорга дарҳол хабар қилади.

Мавзуга оид