20:06 / 22.06.2019
30503

Козим Тўлаганов Сергелидаги уйлар нархи ниманинг эвазига арзон бўлганига ойдинлик киритди

Миллий матбуот марказида ташкил этилган матбуот анжуманида иштирок этган Қурилиш вазирлиги мутасаддилари ОАВ вакилларининг турли саволларига жавоб беришди. Хусусан, Kun.uz мухбири қуйидагича савол билан вазирлик вакилларига мурожаат қилди. 

-  Қурилиш фирмалари фойда кўрмаяпти, дедингиз. Иқтисодиётда фойда кўрилмаган иш билан шуғулланмаслик тавсия қилинади. Наҳотки, ҳукуматга, қурилиш пудратчиси ҳам тирикчилиги бор бўлгани боис, қандайдир ҳиссада фойда қилсин, бунинг эвазига уйни сифатлироқ қурсинки, харид қилган киши 30-40 йил ҳузур қилиб яшасин, деган таклифни билдириш имкони йўқми? Нархни арзонлаштир, деб арзонлаштираверсак, пудратчи маҳсулотдан тежашга уринади, ёки ўғирлик қилишга ҳаракат қилади. Натижада уй сифатсиз бўлади. Бу жиҳатлар эътиборга олинмаяптими? 

«Мен ўзим кўп йил пудратчи бўлиб ишлаганман. Қурилишда қурувчининг “бошқа харажатлар” (прочие затрата) деган жойи бўлади. Ўша жуда юқори бизларда. «Шаҳарқурилишинвест»да ушбу рақам 18,2 фоизга келтирилган. «Қишлоққурилишинвест»да 15 фоизга яқинлашиб қолди. Унинг даромади ҳам зарари ҳам мана шунинг ичида. Лекин Сергелида фуқароларнинг ҳолатини ҳисобга олиб, истисно тариқасида илтимос қилдик, қурилиш ташкилотлари ўзига тегадиган даромадни олмасликни ҳисобига нархлар арзонлашди. Албатта, бу вақтинча қилинган нарса. Уни ҳаммаёққа татбиқ этиб бўлмайди», - дея уйларнинг нархига доир саволга жавоб берди Козим Тўлаганов. 

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 11 апрелида Сергелидаги янги уйлар нархи ошганидан аҳоли норози экани ҳақида хабар қилган эди.

Шундан сўнг, Бош вазир А.Арипов раҳбарлигида ҳукумат комиссияси ташкил этилди, бош вазир фуқаролар билан учрашди ва янги уйлар нархи қайта кўриб чиқилишини билдирди.  

Кейинчалик, янги уйлар нархи арзонлаштирилиши хабар қилинганди

Эндиликда ушбу уйлар арзонлаштирилиши ниманинг эвазига амалга ошгани маълум бўлмоқда. 

Top