Жамият | 23:45 / 29.06.2019
12210
3 дақиқада ўқилади

Салар маҳалласидаги собиқ Каноп фабрикаси ҳудудида истироҳат боғи барпо қилинмайди. Шаҳар ҳокимлиги бунинг сабабини очиқлади

Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Ойбек ва Нукус кўчалари чорраҳасидаги собиқ Каноп фабрикаси ҳудудида истироҳат боғи ва дам олиш майдончаси барпо этилмайди. Аксинча, инвестор томонидан унинг ўрнида меҳмонхона ва офис бинолари барпо қилинади. Пойтахт ҳокимлигида ОАВ вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда Kun.uz мухбири айни масала юзасидан савол билан мурожаат қилди. 

-  Президент Мирзиёев бош вазирлик чоғларида, Салар маҳалласида истироҳат боғи қуриш ҳақида сўз борган, кейинчалик, бу режа амалга ошмайдиган бўлган. Бу ердаги собиқ Каноп фабрикаси ҳудудига бир неча бор турли инвесторлар келиб, қисқа фурсат фаолият юритишган. Эндиликда, бизга маълум бўлишича, ушбу ҳудудда Silk Road Investment Group компанияси тураржой ва бошқа турдаги биноларни барпо этилиши ҳақида гап кетаётган экан.

- Бу жой инвесторга тақдим қилинган жой. Албатта, президентимиз бош вазирлик чоғларида бу ерда истироҳат боғи ташкил этиш айтилган. Сизлар, фуқаролар бир нарсани тўғри тушунишлари керак, шаҳар марказий қисмида истиқомат қилувчилар яхши билади, бу ерда истироҳат боғлари керагидан ортиқча, лекин туманларда йўқ. 

Шунинг учун марказда паркларни кўпайтириш керакмикан, аксинча туманларда дам олиш ҳудудларини барпо этиш лозим эмасми, деган фикримиз ҳам бор. Шу билан бирга, биз марказий ҳудудларда ишлаб чиқариш қила олмаймиз. Аммо, солиқ тушуми бўлиши керак. Парклардан солиқ тушмайди. Офислар ва меҳмонхоналар солиқ тўлайди, ҳам иш ўрни яратилади. 

Шу боис, яхши инвестор катта пул тикишини айтди, лекин ҳалигача бошлагани йўқ. Биз у ерда меҳмонхона ва А-тоифасидаги офис идораси қурилишини маъқул кўрдик. Инвестор икки йилда ўз мажбуриятини бажармаса, қайтариб олиб бошқа инвесторга бериш имкониятимиз ҳам бор. Бу қонунда кўрсатилган. 

Биз шаҳримиз аҳолисининг эҳтиёжларини тушунган ҳолда туманларда нафақат паркларни, балки иқтисодиётини кўтариб турадиган, солиқ тўлаб турадиган муассасаларни кўпайтиришни ўйлашимиз керак», - деди Тошкент шаҳар ҳокими.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид