Ўзбекистон | 23:16 / 03.07.2019
63112
2 дақиқада ўқилади

ЙПХ ходимлари қачондан бошлаб боди камера билан жиҳозланишига аниқлик киритилди — Ҳукумат қарори

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 июлдаги №556-сонли “Ички ишлар органлари ходимларини мобил видеокузатув воситалари билан таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорда қайд этилишича, Президентнинг 2018 йил 24 декабрдаги “Жамоат хавфсизлиги таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–4075-сонли қарорида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитасига 2019 йил 1 апрелга қадар ички ишлар органларининг йўл-патруль бўлинмалари ва патруль-пост хизмати ходимлари учун видеокамералар ҳамда планшетлар харид қилиш чоралари топширилган эди.

Бироқ Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси ва ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан йўл қўйилган ортиқча сансалорлик ва бюрократизм ушбу топшириқнинг ўз муддатида бажарилмаслигига сабаб бўлган.

Ҳукуматнинг янги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти 2020 йилнинг 1 январига қадар ички ишлар органларининг йўл-патруль бўлинмалари ва патруль-пост хизмати ходимларини мобил видеокамералар ҳамда планшетлар билан таъминлаш учун шахсан масъул эканлиги ҳақида огоҳлантирилган.

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” 2018 йил 1 декабрдаги №975-сон қарорини бажариш муддатлари бузилганлиги, чунончи, ЙПХ ходимлари 2019 йил 1 июлдан бошлаб видеокамералар билан таъминланмаганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Х.Б.Юсуповга ва Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари Р.М.Эргашевга ҳайфсан эълон қилинган.

Мавзуга оид