17:57 / 09.07.2019
5970

Қаршидаги уйларнинг канализация муаммоси ҳал этилди. Ўз ишига нописанд раҳбарлар огоҳлантирилди

1 июль куни Kun.uz сайти орқали «Қаршиликлар қийналмоқда: Кўп қаватли уйлардан бирида канализация аянчли ҳолатга келиб қолган» сарлавҳаси остида мақола эълон қилинган эди.

Мақолада Қарши шаҳридаги «Буюк Турон» маҳалласи, Кеч кўчасида жойлашган кўп қаватли уйларнинг канализация тизимидаги аянчли ҳолатлар, уйларнинг подъезди таъмирталаб бўлиб қолгани, ертўлалар эса чиқиндига тўлгани кўрсатилганди.

Қарши шаҳри ҳокимлиги мазкур муаммога эътибор қаратди. Махсус ишчи гуруҳ тузилиб, ҳолат ўрганилди. «Буюк Турон» маҳалласидаги 14-уйнинг ертўла қисмидаги канализация қувурлари алмаштирилиб, ертўла тўлиқ тозаланди.  

Бундан ташқари, мазкур уйнинг 4, 7 ва 10-хонадонлари ичида ўтказилган канализация қувурлари тўлиқ алмаштирилган. Кириш йўлаклари ҳам таъмирланиб, ободонлаштириш ишлари олиб борилган. «Мақсуд обод» ширкати томонидан мулкдорлар билан келишилган ҳолатда доимий равишда ишлар ташкил этилиши белгилаб қўйилди. Фуқароларга уйлари ичидаги барча қувур ва жўмраклар назоратга олиниб, кези келганда алмаштириб туриш лозимлиги тушунтирилган.

Юқорида айтилган ишлар қай даражада бажарилганини билиш учун мурожаатчи билан боғландик.

«Мақола эълон қилингач, эртаси куни ҳокимиятдан ва Ширкатлар кенгашидан мутасаддилар келишди. Вазиятни ўрганишди. Бизнинг ширкат раҳбарларига огоҳлантириш беришди. Ишлар бошланиб кетди. Йўлагимиз, канализация қувурлари таъмирланди. Ертўла чиқиндилардан тўла тозаланди. Ишлар кейинги уйларда ҳам давом этмоқда», дейди у.

Муаммога эътибор берилгани қувонарли ҳол. Чунки бундан инсонлар манфаатдор. Бу каби ишлар фуқароларнинг давлатга, олиб борилаётган ислоҳотларга бўлган ишончини янада оширади.

Сарвар Анвар ўғли,
Kun.uz мухбири

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top