Ўзбекистон | 10:39 / 13.07.2019
2158
2 дақиқада ўқилади

Willkie Farr халқаро юридик фирмаси ДХШ лойиҳалари бўйича ёрдам беради

Фото: Diego M. Radzinschi / ALM

Дунёнинг ривожланган мамлакатларида 10 дан ортиқ ваколатхоналарга эга, 700 дан ортиқ ҳуқуқшуносларни қамраб олган Willkie Farr халқаро юридик фирмаси вакилларидан иборат делегация Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги раҳбарияти билан Ўзбекистонда амалга оширилаётган инвестицион ислоҳотлар, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ва қонунчилик юзасидан учрашув ўтказди.

Willkie Farr компанияси инфратузилма, энергетика, молия ва табиий ресурслардан фойдаланиш масалаларида халқаро инвесторлар учун лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ҳуқуқий ва бошқа хизматларни кўрсатади.
      
Учрашувда халқаро юридик фирма вакиллари жорий йилнинг 10 май куни қабул қилинган «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни мамлакатга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш ва сармоявий муҳитни яхшилашга асос бўлишини таъкидладилар.
     
Юридик фирма мутахассисларининг фикрича, мазкур қонун жаҳон андозаларига мос равишда ишлаб чиқилган ва халқаро талабларга жавоб беради. Қайд этилганидек, ҳозирги кунда республикада инвестиция соҳасида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Компания вакиллари мамлакатдаги инфратузилма ва давлат хизматлари сифатини оширишда, хусусий инвестицияларни кириб келиши ва илғор замонавий бошқарув тажрибасининг жорий этилишида давлат-хусусий шерикликни тутган ўрни жуда муҳим эканлигини таькидлади.
     
Шунингдек, Давлат-хусусий шериклик агентлиги раҳбари давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган 10дан ортиқ йирик лойиҳалар ва бу лойиҳалар устида олиб борилаётган ишлар тўғрисида компания вакилларига маълумот берди.
    
Учрашув сўнгида, давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларда ишончли ҳуқуқий базани шакллантириш, лойиҳаларни амалга оширишда хориж тажрибасини кенг жалб қилиш бўйича Willkie Farr компанияси вакиллари билан ҳамкорликда ишлаш ва тренинглар ўтказишга келишиб олинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид