Ўзбекистон | 19:30 / 15.07.2019
37432
2 дақиқада ўқилади

«Ёпиқ факультет» ўйини яна қайтдими? «Нархоз»нинг Самарқанддаги филиалида қабулнинг охирги куни янги йўналиш пайдо бўлиб қолгани хабар қилинди

Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев «Ёпиқ факультет» ўйини яна қайтдими?» сарлавҳали постида Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалида қабул жараёнида кузатилган шубҳали ҳолат ҳақида ёзган.

«Ҳозиргина муштарийлардан бири қизиқ бир ҳолатни хабар қилди.

Кеча жияни учун qabul.dtm.uz базасидан Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалидаги йўналишлар ва унга ҳужжат топширганлар ҳақида маълумотни кўриб берган. Ўшанда базада 4та йўналиш бўлган. Тўртталасини номма-ном ўқиб, топширилган ҳужжатлар сонини айтган.

Бугун базани қарашса, йўналишлар сони 5тага айланиб қолибди. Ва кутилмаганда рўйхатда «Иқтисодиёт: қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти» йўналиши ҳам қўшилиб қолган. Ахир кеча йўқ эди-ку бу, дея ҳайрон бўлмоқда.

Ушбу фактни ўз каналларим орқали текшириб кўрдим, ҳақиқатдан дастлаб базада бу йўналиш бўлмаган (қўлимда асосли далиллар бор).

Буни яна бир жиҳатдан ҳам осонгина билса бўлади. Топширилган ҳужжатлар сонига қаранг: 4та йўналишнинг ҳар бирига камида 400та ҳужжат топширилган. Лекин бугун базада пайдо бўлиб қолган ва 25та ўрин ажратилган йўналишга атиги 17 киши (!!!) ҳужжат топширган. Бунинг шунчаки тасодиф эканлигига ишонасизми?

Наҳотки бир неча йиллар олдин айрим ОТМларда жуда машҳур бўлган «ёпиқ факультет» усулидаги ўйин яна қайтган бўлса? Наҳотки?

Не ажабки, ушбу тасодиф бизнинг эски танишимиз – Иқтисодиёт университети билан бўлмоқда. Ҳа, ҳа, барчангизга яхши таниш бўлган ўша Нархоз!

Масъуллардан зудлик билан изоҳ кутиб қоламиз бу ҳолатга!

P.S.: самарқандлик абитуриентлар, Сиз эса қабулга қараб югуринг, тезда ушбу йўналишга ҳужжат топширинг, ёки топширган ҳужжатларингизни бошқасидан қайтариб олиб, бунга ўзгартиринг. Қилмаймиз дейишса, талаб қилинг!», дейилади постда.

Мавзуга оид