Танқиддан сўнг: Шароф Рашидов туманида саратонда қақраётган пахтазорларга сув келди
KUN.UZ таҳририятида Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани «Қулписар» ФХХУда фаолият юритаётган бир неча фермерлар номидан пахта экинларини суғоришда муаммоларга дуч келаётгани ҳақида мурожаат келиб тушган эди.
Мурожаат асосида «Шароф Рашидов туманида «Қани сув?» деб сўрайдиган одам ҳам, суғоришга сув ҳам топилмаяпти» сарлавҳали мақола эълон қилинди.
Мақолада «Қулписар» ФХХУдаги энг чекка фермер хўжалиги далаларига анча муддат сув етиб келмагани ва пахта майдонлари қурий бошлагани, сув етиб келиши қийин ерларда деҳқончилик қилиш осон кечмаслиги, сув бу ерларга насослар орқали чиқариб берилиши ва насосларининг яхши ишламаслиги ҳисобига ҳам сув пахта майдонларининг чекка қисмларига етиб бориши қийин бўлаётгани ҳикоя қилинган эди.
Мақола эълон қилингач, тумандаги сувсизликдан азият чекаётган фермерлар далаларга сув етиб келгани ва муаммо ижобий ҳал бўлгани ҳақида хабар етиб келди.
«Қили Маржон», «Томчи жилоси», «Қулписар Кумуш тола» фермер хўжаликлари пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган. Биргина «Қили Маржон» фермер хўжалиги бу йил 300 гектарга яқин ер майдонига пахта экан.
«Биласизми, пахтачиликда ҳосил тақдири июль-август ойларида ҳал бўлади. Бу йил июль ойида ҳарорат анча баланд келгани боис ғўза ривожига таъсир кўрсатмай қолмади. Шунинг билан бирга ғўза ривожланиш жараёнида тўрт марта ва ундан кўпроқ сув ичади. Ҳадемай кўчатлар кўсак тугадиган пайти ҳам келади. Айни дамда ҳар бир тупда олтитагача шона санайсиз. Ҳосилимизни чўғи ёмон эмас. Биз бежиз мурожаат қилмадик, пахта чанқаган пайтда сувдан қолса, ҳосилга зиён. Биз эса зиён билан чиқишни истамаймиз. Эртага биз учун ҳеч ким зарарни қопламайди. Ўн кун ҳудуддаги ДМ1 каналида сув бўлмади. Мурожаатимиздан сўнг, сувни етказиб беришди. Бунинг учун барчага раҳмат деймиз. Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, кўчатларимизнинг аҳволи ёмон эмас. Шунча қилан меҳнатимизга куйиб қолишни истамадик. Kun.uz таҳририятга ва шу ишда кўмак берганларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз», — дейди фермер Ўрозбой Эшмирзаев.
«Яна бир-икки кун далаларимизга сув келмаганида барча экинларимиз буткул қуриб қоларди. Бизнинг дардимизни билиб, ҳис қилиб, тушуниб муаммони ижобий ҳал қилган барча мутасаддилардан миннатдормиз. Ғалла режасини ортиғи билан бажардик. Мана энди пахта режасини бажариш учун барча имкониятларни ишга соляпмиз», — дейди фермер Қудрат Тугалов.
«Ховос–Зомин» ирригация тизими бошқармаси билан вилоятдаги тегишли мутасадди ташкилотлар пахта даласига сув олиб келишибди. Ҳудуддаги агроном ва икки нафар сувчи томонидан олиб борилаётган иш жараёнини кузатдик. Агроном Қўчқор Қурбонов ушбу ҳолат қайта такрорланмаслигини бу ишни туман мутасаддилари ўзи назорат қилиб бораётганини билдирди.
«Мақола чиққан куннинг ўзидаёқ «Ховос-Зомин» ирригация тизимининг саъй-ҳаракати билан ДМ1 каналига сув келди айни дамда кўриб турганингиздек сувчиларимиз иштиёқ билан кўчатларни суғоришмоқда . «Қили Маржон», «Қулписар Кумуш тола», «Томчи жилоси» фермер хўжаликлари аввал айтганимдек, ҳудуддаги энг чекка, сув етиб бориши қийин жойда жойлашган. Ўн кун давомида сув келмаганлиги боис бўлиқ, чиройли кўз қувнатар даражада етишаётган пахта кўчатлари, пахта майдонлари қурий бошлади. Пахталар шоналарини тўка бошлаган эди. Аммо кўриб турганингиздек, мурожаатдан сўнг масала ижобий ҳал бўлди. Лотокларимиз ва пахта майдонларидаги ўқариқларда сув тўлиб тошиб оқаяпти. Айни пайтда далалардаги аҳвол қониқарли даражада», — дейди агроном Қўчқор Қурбонов.
Пахта майдонларининг қовжираши ва «сув муаммо»си ижобий ҳал бўлди. Зир югуриб, дардига чора излаган фермерлар мушкули осон бўлди. Пахта майдонларига сув етиб келди. Фермерлар «кичик йўқотишлар» эвазига бўлса-да, далаларига сув етиб келганидан мамнун ва хотиржам. Ҳарҳолда, айни жазирама кунларда кеча-ю кундуз меҳнат ва парвариш эвазига бўй кўрсатиб турган ниҳоллар нобуд бўлмайди. Юзлаб гектар ерда униб турган навниҳоллар қуриб қолганида деҳқоннинг ҳоли не кечарди? Ахир гулга кирган ниҳоллар баҳорги машаққатлар эвазига бунёд бўлган. Кутилган ҳосилни олиш учун эса тунни тонгга улаб меҳнат қилиш билан бир қаторда пахта майдонларини айни саратонда «чилла суви»дан баҳраманд этиш лозим. Бунинг учун эса ариқлар сувга тўлиб оқиши лозим.
Гулчеҳра ШАРИПОВА,
Kun.uz мухбири.