Жамият | 11:35 / 18.07.2019
7502
3 дақиқада ўқилади

Андижон ва Фарғона вилоятида ҳокимлар қатнашган оммавий сайёр қабуллар ҳақида маълумот берилди

Андижон вилоятида 2019 йилнинг олти ойи давомида вилоят, туман, шаҳар даражасидаги секторлар раҳбарлари томонидан аҳоли билан 685 та оммавий қабул, яъни, очиқ мулоқотлар ўтказилди. Уларда салкам 44 минг нафар фуқаро иштирок этган. 

Вилоят сектор раҳбарлари томонидан 43 та мулоқот жараёнида 6 минг 785 та масала кўриб чиқилди. Уларнинг 58 фоизи қабул жойининг ўзида қаноатлантирилди. Вилоят ҳокими - 1-сектор раҳбари Шуҳрат Абдураҳмоновга 7 та тумандан ичимлик суви таъминоти бўйича муаммога дахлдор мурожаатлар асосида 64 километр сув тармоғи қурилди, 12 дона сув қудуғи ва 29 километр тармоқ реконструкция қилинди. Бу 9 миллиард сўм маблағ сарфлашни талаб қилди. 

Вилоят ҳокими - 1-сектор раҳбарига Ойим шаҳарчасида ўтказилган сайёр қабул куни кам таъминланган оилалар вакилларидан 15 киши мурожаат қилди ҳамда уларга 50 миллион сўмдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилди.  

Туман, шаҳарлар кесимидаги секторлар раҳбари томонидан ўтказилган 642 та оммавий қабул давомида 35 минг нафардан зиёд фуқаролар иштирок этган, аксарият мурожаатлар жойида қаноатлантирилган. Бундан ташқари, қабул-мулоқотларда вилоятга ташриф буюрган вазирликлар, давлат қўмиталари ва республика миқёсидаги идоралар раҳбарлари томонидан аҳолининг дард-у ташвишлари изчил ўрганилмоқда. Ана шундай 20 та қабул чоғида қарийб 1 минг 900 та мурожаат кўриб чиқилди.

Фарғона вилоятида эса ҳоким, 1-сектор раҳбари Шуҳрат Ғаниев томонидан Марғилон шаҳар 1-сонли давлат ихтисослашган умумтаълим мактабида оммавий сайёр қабул ўтказилди. Унда Марғилон, Фарғона ва Қувасой шаҳарлари, Фарғона, Қува туманларидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилди.

Қабулда жами 122 нафар фуқаролар қатнашиб, улардан бевосита вилоят ҳокимига 86 та мурожаат келиб тушди. Жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг 25 та уй-жой билан таъминлаш ва таъмирлаш, 8 та ишга жойлашиш, 4 та банк кредити ажратишдаги муаммолар, 7 та моддий ёрдам кўрсатиш ва бошқа масалаларда мурожаатлари кўриб чиқилди.

Ўтказилган қабул натижалари бўйича 15 нафар мурожаатчиларнинг масаласи жойида ижобий ҳал этилди, 8 нафар мурожаатчиларга тушунтириш берилди, 63 та мурожаатлар бўйича амалдаги қонунларга кўра ўрганиб чиқиш учун қабулда иштирок этган вилоят бошқарма, ташкилотлари раҳбарлари ҳамда шаҳар, туман ҳокимларига топшириқлар берилди. 

Мавзуга оид