Ўзбекистон | 20:00 / 18.07.2019
9739
2 дақиқада ўқилади

Олмалиқдаги «Аммофос-Максам» заводи туфайли маҳаллий аҳолида онкологик касалликлар ортмоқда

Олмалиқдаги «Аммофос-Максам» заводида чиқарилаётган зарарли моддалар аҳоли соғлиғига жиддий таъсир ўтказяпти, дея баҳоланмоқда.

Корхонанинг атроф-муҳитга келтираётган таъсирини баҳолаш мақсадида Экологик партия томонидан ташкил этилган тадбирда Тошкент вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Т.Орзиқуловнинг маълумотига асосланиб Kun.uz мухбири хабар беришича, эндокрин касалликлари 56тага, стоматологик касалликлар икки бараварга, дерматология ва онкологик касалликлар 84тага ошгани аниқланди.

Унга кўра, яқин йиллардан бери диспансер рўйхатидаги беморлар сони кўпайиб боряпти. Бир ҳолатни исбот сифатида келтириш мумкин: жорий йилнинг дастлабки 6 ойида шаҳар санитария-эпидемиология маркази томонидан атмосфера ҳавоси бўйича 240 марта текширув ўтказилди. Шундан 50та ҳолатда ҳаво таркибида зарарли газ моддалари меъёрдан ортиқлиги маълум бўлди. Атмосферага 56 фоиз заҳарли газ чиқарилади. Орзиқулов аҳоли орасида эндокрин ва стоматологик касалликлар сони тобора ортиб бораётгани учун республикадан малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда чуқур тиббий текширув ўтказиш лозимлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Жорий йилнинг июль ойида Экологик партия маҳаллий аҳоли ўртасида «Аммофос-Максам» АЖ фаолиятининг атроф-муҳитга ва аҳоли саломатлигига таъсирини ўрганиш учун жамоатчилик сўровномасини ўтказди. 750 респондентнинг 75 фоизи корхона қандай маҳсулотлар ишлаб чиқаришидан хабардор бўлиб, корхона ҳақиқатан экологияга салбий таъсир кўрсатяпти, деб ҳисоблайди. 73 фоиз иштирокчилар завод уларнинг саломатлигига таъсир қилаётганини айтишган. Шу билан бирга, 65 фоиз респондентлар корхонани қайта ихтисослаштириш ёки илғор миллий ва хорижий тажрибалардан фойдаланиб, замонавий, экологик тоза технологияларни қўллаш орқали тубдан модернизация қилиш таклифини беришган.

Мавзуга оид