Ўзбекистон | 15:47 / 24.07.2019
5148
2 дақиқада ўқилади

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги сенаторлар сўровини жавобсиз қолдирмоқда — Сенат қўмитаси раиси

Фото: senat.uz

24 июль куни Олий Мажлис Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг 2019 йил январь - июнь ойларида қилинган ишлар юзасидан ҳисоботи тингланди.

Мажлисда қайд этилишича, вазирлик 2019 йилнинг биринчи ярмида бажарилиши белгиланган 9та вазифанинг 4тасини амалга оширмаган.

Сенатор Раҳматилла Назаровнинг таъкидлашича, вазирлик Сенат билан ҳамкорлик ишларини олиб боришга сусткашлик билан ёндашмоқда. “Сенаторлар томонидан юборилган сўровлар очиқ, жавобсиз қоляпти. Ҳамкорлик масалаларига ҳам вазирлик ходимлари масъулиятсизлик билан ёндашмоқда”, ─ дейди у.

Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Курманов бундай муносабатни депутатларга нисбатан ҳурматсизлик, ўз навбатида, халққа нисбатан ҳурматсизлик дея баҳолади. “Вазирлик кўп ишларни қиляпти, тўғри. Лекин ижро интизоми қониқарли аҳволда эмас. Буни биз ҳам кўряпмиз, Вазирлар Маҳкамаси ҳам қайта-қайта таъкидлаяпти. Энг муҳим масалалар очиқ қоляпти. Бир қатор хорижий мамлакатлар учун божхона тарифларини камайтириш белгиланган эди. Бу бўйича ҳеч бир иш қилинмаган”, ─ дейди Курманов. 

Қўмита раисининг таъкидлашича, вазирлик Сенатга ва Ҳисоб палатасига тегишли ҳисоботлар ва ҳужжатларни ўз вақтида, талаб даражасида тайёрлаб бермаган. “Ҳисоб палатасига битта нарса бўйича икки марталаб ҳисобот топширяпсизлар. Биринчиси қониқарсиз бўлди, шунинг учун Ҳисоб палатаси иккинчи маротаба талаб қилишга мажбур бўлди”, ─ дейди Курманов Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Алишер Абдуалиевга.

Алишер Абдуалиев вазирлик раҳбарияти томонидан ҳудудларда инвестицион лойиҳаларни комплекс ривожлантириш бўйича ишлар олиб борилаётгани, мавжуд камчиликлар кейинги чоракда бартараф этилишини қайд этиб ўтди.

Мавзуга оид