Энергетика вазирлиги қўшимча 17та энергоблокни модернизация қилиш бўйича таклиф тайёрлаш вазифасини бажармаган
2019 йил 26 июль куни Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда қурилиш, энергетика ҳамда иқтисодиёт ва саноат вазирликларининг мақсадли вазифаларни жорий йил биринчи ярим йиллигида бажариш бўйича ҳисоботлари эшитилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, Энергетика вазирлиги давлат органлари ва ташкилотларида энергия нуқтаи назаридан самарадор ва тежамкор технологияларни жорий этиш, энергия ресурсларини истеъмол қилиш мониторингини олиб бориш каби йўналишларда изчил фаолият олиб бормоқда. Бунда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга, соҳада кадрлар малакасини мунтазам оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
2019 йилда вазирлик зиммасига жами 24 та вазифа юклатилган бўлиб, шундан 8 та вазифани ижро этиш муддати жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги белгиланган. Уларнинг аксарияти ўз вақтида бажарилган бўлса-да, айрим топшириқларни рўёбга чиқаришда сусткашликка йўл қўйилгани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Хусусан, қўшимча 17та энергоблокни модернизация қилиш бўйича таклиф тайёрлаш вазифаси бажарилмаган. Бу эса фойдаланишдаги генерация қувватларининг умумий ҳажмида замонавий ва модернизация қилинган энергоускуналар улушини ошириш вазифасининг бажарилмасдан қолишига олиб келиши мумкин.
Бундан ташқари, йил давомида бажарилиши белгиланган ташаббускорлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини қайта кўриб чиқиш ва оптималлаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш ишлари бошланмаган. Бу ҳолат “Ўзбекэнерго” АЖ ва унинг таркибий корхоналарининг молиявий соғломлаштирилишини таъминлаш вазифаси ижросининг таъминланишини сўроқ остида қолдиради.
Муҳокама жараёнида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан тушаётган ҳақли эътирозлар, энергия таъминотидаги узилишлар, истеъмолчилар қонуний ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари, тизимда энергия сарфи устидан назорат етарли эмаслиги каби масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Мавзуга оид
15:55 / 24.10.2024
“5 йилда 440 га яқин қонун муҳокама қилинди” - Сенат раиси
13:38 / 23.10.2024
Ердан фойдаланиш ҳақидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади
13:04 / 23.10.2024
Телекоммуникация соҳасида операторлар ва провайдерларга адолатли рақобат муҳити таъминланади
23:44 / 19.10.2024