Жамият | 10:48 / 27.07.2019
7705
3 дақиқада ўқилади

Зарафшонда тарбиячилар мажбурий меҳнатга жалб қилингани тўғрисидаги ахборот тасдиқланмади - Вазирлик

Фото: Мактабгача таълим вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги Интернет тармоғида Зарафшон шаҳридаги мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячиларини ҳудудни ободонлаштириш бўйича мажбурий ишларга жалб қилинганлиги ҳақида тарқалган ахборотни ўрганиб чиқди

Натижада қуйидагилар аниқланган: Тармоқдаги аноним манбаларда тарбиячилар тозалаган, деб кўрсатилган “Янги Зарафшон” маҳалласи Зарафшон шаҳар марказидан 2 км узоқликда жойлашган. Кўрсатиб ўтилган туманда 3 та давлат МТТ фаолият юритади. Зарафшон шаҳар мактабгача таълим бўлими мудираси М. Турсунова 1, 16 ва 20-сонли МТТ ходимларидан сўраб-суриштирганда, уларнинг барчаси 2019 йил 15 июль куни душанба, яъни иш куни бўлгани ва болаларни қаровсиз қолдириб бўлмаслиги сабабли шу куни мактабгача таълим ташкилотларида бўлганларини ва бевосита ўз вазифаларини бажарганликларини маълум қилдилар. 

1, 16, 20, 4-сонли МТТларда кузатув камералари ўрнатилган бўлиб, улардаги ёзувлар тарбиячиларнинг иш жойларида бўлганликларини тасдиқлайди.

Қайд этилишича, мактабгача таълим тузилмасида бўлим мудири ёрдамчиси лавозими мавжуд эмас. Қўшимча равишда Зарафшон марказидан 40-50 км узоқликда жойлашган МТТ ходимлари ҳам сўроқ қилинган. “Мурунтау” маҳалласида (шаҳар марказидан 40 км нарида) жойлашган 4-сонли МТТ мудири гувоҳлигига кўра, 2019 йил 19 июлда унинг шахсий телефон рақамига чет эл рақамидан қўнғироқ бўлиб, вазиятни изоҳлаш юзасидан мурожаат этилган. 20-сонли МТТ мудирига ҳам худди шундай қўнғироқ тушган. Иккала мудир қўнғироқ қилганларга 2019 йил 15 июль куни ободонлаштириш бўйича ишларга бирор ходим жалб қилинмаганлиги ва шу куни марафон ўтказилиши ҳақидаги ахборот мавжуд эмаслиги, барча тарбиячилар эса МТТда бевосита лавозим вазифаларини бажараётгани ҳақида маълум қилган. 

Вазиятни ўрганиш натижаларига кўра, марафон эълон қилингани ва мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари ҳудудни ободонлаштиришга мажбурий жалб қилингани ҳақидаги ахборот тасдиқланмаган.

Мазкур янгиликни эълон қилишда ресурслар тасодифий суратлардан фойдаланган. Зарафшон шаҳридаги МТТ тарбиячилари мажбурий меҳнатга жалб қилинганлигини исботловчи фотосуратлар аниқланмади, дейилади хабарда.

“Ҳурматли мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари, вазиятни ўрганиш натижасида маълум бўлишича, 2019 йил 15 июль, душанба куни Зарафшон шаҳридаги МТТлар штат режимида фаолият юритган, бунинг эса тарбиячиларсиз имконияти мавжуд бўлмас эди. Тегишлича, мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳақидаги янгилик ёлғон тарқатилган хабардир.

Шунингдек, мактабгача таълим тизими ходимларининг шикоят ва таклифларини (шу жумладан аноним хабарларни ҳам) МТВнинг http://support.mdo.uz/ сайти орқали юбориш мумкин.
 
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан вазиятингиз тезкор тартибда кўриб чиқилиб, тегишли чоралар кўрилади”, - дея якунланган вазирлик маълумоти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид