Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сариосиёдан уч мурожаат натижаси: Компенсация тўланмади, маҳаллага ичимлик суви келмади, муштумзўр «участковой» жазосиз қолмоқда
Сўнгги бир ой ичида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманига оид учта мурожаат Kun.uz сайтида ёритилди.
Улардан биринчиси — Шарғун шаҳрида истиқомат қилувчи «Умар Шамс Файз» хусусий корхонаси раҳбари Шамшир Умаровнинг дўкони бузилиб, остидаги ер майдони давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйилаётгани ҳақида эди.

«Мен тадбиркорлигимни йўлга қўйиш учун «Саноатқурилишбанк» Шарғун бўлимидан катта миқдорда кредит олганман. Менга йўлни кенгайтириш учун давлат ихтиёрига олинаётган жойим эвазига ҳеч қандай компенсация тўланмаяпти ёки бошқа ер майдони берилмаяпти. Боз устига банк гаровга қўйилган дўконим бузилгани учун янги гаров талаб қилмоқда. Менда гаровга қўядиган бошқа нарсанинг ўзи йўқ», — деган эди Шамшир Умаров Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

«Менинг талабларимга қулоқ соладиган мутасадди топилмаяпти. Майли, мен маблағ топиб янги дўконни ўзим ҳам қурарман. Лекин ҳеч бўлмаганда банкдаги кредит тўловини музлатишга ҳам Сариосиё туман ҳокимлиги ёрдам бермаяпти. Мени ўз аҳволимга ташлаб қўйишмоқда. Боз устига, туман ҳокимлиги мутасаддилари «янги икки қаватли дўконни тезроқ қурсанг қурдинг, бўлмаса қўлидан келадиган бошқа тадбиркорга олиб бераман», дейишмоқда. Фақат гаров топсам 16 фоизлик кредит олишга туман ҳокимлиги ёрдам бериши мумкин экан. Лекин менда гаровга қўйса бўладиган мулкнинг ўзи қолмади», — деганди Ш.Умаров.
Тадбиркор ҳузурига туман адлия бўлими бошлиғи Абдуғаффор Шарипов келиб, тадбиркор Г.Умаровга тегишли дўконнинг «қизил чизиқ»қа қанчаси чиққани, олди-сотди ҳужжатларида кўрсатилган ва тасдиқланган жойдан қанчаси бузилиб, давлат ихтиёрига ўтганини аниқлаш учун мутахассис жалб қилиб, бошқатдан ўлчатишини айтиб ўтди.

— Бу ерда барча нарса Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 97-сонли қарорига кўра амалга оширилиши керак, — деган эди А.Шарипов тадбиркор Ш.Умаровга. — Туман адлия бўлими тадбиркорнинг қонун доирасида манфаатларини ҳимоя қилиб беради. Хуллас, бор ҳужжатлар билан яқиндан танишиб чиқайлик. Мутахассис ўз хулосасини беради. Шуни асос қилиб мен ҳокимлик билан гаплашаман. Ҳозирдан нималар бўлишини аниқ айта олмайман. Агар сизнинг ҳақлигингизни асослай олсак, судга сизнинг манфаатингизни кўзлаб даъво аризаси киритамиз. Ёки, судга қадар ўзаро келишув билан ўртадаги низога нуқта қўямиз.
Сўнгги воқеалар фонида Ш.Умаровнинг таҳририятга мурожаат қилишича, унинг муаммоси барибир ҳал бўлмаган. Туман адлия бўлимидагилар жўяли ёрдам беришмаган. Улар тадбиркорни «Судга ариза берганмиз», деб тинчлантиришмоқда, холос. «Яна чорасиз ҳолатдаман», демоқда Шамшир Умаров.
Иккинчи муаммо «Маржона» маҳалласидаги ичимлик сув аҳволи ҳақида эди. Бу маҳалладаги 4,5 мингдан зиёд киши водопровод йўқлиги сабабли Шарғунсой дарёси сувини ташиб истеъмол қилаётгани ҳақда ёзган эдик.

Қишлоқнинг юқорироғида жойлашган ишлаб чиқариш корхоналаридан чиқаётган оқова сувлар номигагина тиндирилиб, дарёга оқизилаётгани, бунинг натижасида дарёнинг зилол суви қизғиш рангга кириб, лойқаланаётгани ҳақида видеорепортаж ҳам тайёрланган эди.
«Бир пайтлар аҳоли Шарғунсойдан сув ичган, қолаверса қишлоққа тоза ичимлик суви ҳам келарди. Вазият кейин шу 4-5 йилда кескин ёмонлашди», — деган эди маҳалла вакили Маъруфжон Маматмуродов.
Маҳаллий аҳоли вакилларидан Шуҳрат Қурбоновнинг таъкидлашича, қишлоқни ичимлик суви билан таъминлаш учун вилоят ҳокими 850 миллион сўм ажратилганини айтиб ўтган. Вилоят телевидениеси эфирида эса қишлоққа ичимлик суви ўтказилгани ҳақида лавҳа ҳам берилган. Аммо амалда бу борада бирор иш амалга оширилмаган.
Сайтимизда мазкур муаммо ёритилгач, мутасаддилар ушбу муаммога эътибор бериши, вазият ўнгланиши ўрнига Шарғунсой дарёси суви баттар ифлосланиб, ичишга мутлақо яроқсиз ҳолга келиб қип-қизил тусга кирган.




Учинчи мурожаат — туманнинг «Газарак» маҳалласида «To‘palang MG Holding» МЧЖга қарашли «MAN» русумли юк ташиш машинаси ҳайдовчиси Абдусалом Нуровни «Чилонзор» маҳалласининг участка профилактика инспектори Қувондиқ Эшмирзаев ва унга ёрдамчи посбон Турсун Раҳматов ҳақоратлаб, калтаклашгани ҳақида эди.

«Мен 24 июнь куни соат 23:20ларда тунги сменада, барча ҳужжатларга эга бўлиб туриб, «Газарак» маҳалласидаги стадион қурилиши учун шағал олиб бораётганимда юқоридан оқ тусли «Матиз» русумли машина узоқни ёритувчи чироқларини ёқиб тушиб кела бошлади. Мен икки-уч марта чироқни пасайтиришга ўз автомашинамни чироғи билан ишора қилдим. Бироқ, «Матиз» ҳайдовчиси кўзни қамаштирувчи чироқни пасайтирмади. Шундан кейин «Матиз» ёнимдан ўтаётганида норозилик тариқасида сигнал чалиб ўтиб кетдим.
Шундан сўнг юкни тўкаётган чоғимда «Матиз»даги ҳайдовчилар ўша ерга етиб бориб, мени машинадан тушириб, ҳақорат қилиб аёвсиз калтаклашди. Уларнинг ҳар иккиси формада эди, иккиси ҳам спиртли ичимлик ичиб олишганди, кейинчалик билсам — улар базмдан қайтишаётган экан.
Сариосиё туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Нуриддин Қодиров Kun.uz мухбирига А.Нуровга чап томонлама 8-қовурғанинг синиб силжиши — ёпиқ синиши ташхиси қўйилганини маълум қилган эди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси мазкур воқеа юзасидан барча материаллар кўриб чиқиш учун Сариосиё тумани прокуратурасига юборилганини маълум қилган эди.
А.Нуров ва унинг рафиқаси Kun.uz’га мурожаат қилиб, Сариосиё туман прокуратураси зўравонларга чора кўриш ўрнига, экспертиза хулосаларида чалкашликлар вужудга келтиришга уринмоқда. Чунончи, прокуратура терговчиси А.Нуровнинг қовурғаси воқеадан икки ой аввал синганини писанда қилмоқда экан. Гарчи Нуровлар оиласи оилабошининг синдирилган қовурғасини камида учта тиббиёт марказида экспертизадан ўтказишган бўлса-да. Бу билан прокуратура ходимлари бир ишчи шаънини топтаган ва жисмоний тан жароҳати етказган профилактика инспекторини тўлиқ ҳимоя қилиб чиқмоқда. Нуровлар оиласи таҳририятга бу вазиятдан мутлақо норози эканлиги, ушбу ҳолат юқори турувчи адолат билан ўрганилишини исташаётганини билдириб қолишди.
Kun.uz Сариосиё туман прокуратураси билан боғланганида, жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи деб ўзини таништирган ходим мазкур ишни кўриб чиқишнинг қонунан сўнгги муддати — 2019 йил 25 июлга қадар ҳеч қандай тафсилотни ОАВга бера олмаслигини айтиб ўтган эди.
Хуллас, Сариосиё туманида давлат ва ҳокимият органлари матбуотда ёритилган муаммоларни мана шундай тез ва ўзига хос тарзда — мутлақо лоқайдлик билан ҳал қилишга ҳаракат қилишмоқда.
Ш.ШОКИРЖОНОВ.
Мавзуга оид
23:06 / 24.04.2026
Саида Мирзиёева Тойлоқда аҳоли ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ўрганди
11:21 / 20.04.2026
Парвариш хизмати кўрсатувчи тадбиркорлар 2030 йилгача солиқдан озод этилади
12:15 / 10.04.2026
Хоразмда 7 минг сўмдан палов сотган тадбиркор жаримага тортилди
11:47 / 09.04.2026