Жамият | 11:33 / 29.07.2019
2953
5 дақиқада ўқилади

«Ўзбекинвест» компанияси жорий йилнинг I ярмида 153 млрд. сўм суғурта мукофоти йиғди ва мижозлари 480 мингдан ортди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида мамлакатимизда иқтисодиётнинг барча соҳалари, хусусан суғурта соҳаси ҳам жадал ривожланмоқда.

«Ўзбекинвест» миллий суғурта компанияси Ўзбекистон суғурта бозорининг ажралмас бир қисми ҳисобланиб, 2019 йилнинг 1-ярим йили давомида ўз фаолиятидаги асосий кўрсаткичларнинг барқарор ўсишини таъминлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 декабрдаги «Экспортга кўмаклашиш ва уни рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, «Ўзбекинвест» компанияси томонидан жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида товар ва хизматларни экспорт қилувчи маҳаллий экспортчиларимизга 256 млн. АҚШ доллари ҳажмидаги, яъни марказлашмаган (нохомашё маҳсулотлари) экспортнинг 11 фоизига суғурта ҳимояси тақдим этилди. 2018 йил мобайнида эса ушбу кўрсаткич 8,6 млн. АҚШ долларини ташкил этган эди.

Суғуртанинг умумий турлари бўйича 153 млрд. сўм ҳажмда суғурта мукофотлари тушуми таъминланди ва 2018 йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш 136 фоизни ташкил этган. Тузилган суғурта шартномалари бўйича қабул қилинган мажбуриятлар ҳажми 32,1 трлн. сўмни ёки 3,7 млрд. АҚШ доллари эквивалентини ташкил этди.

Компания жорий йилнинг 1-ярми якунларига кўра суғурта мукофотларини йиғиш бўйича республика умумий суғурта бозорининг 18 фоизини эгаллаб, маҳаллий суғурта компаниялари орасида етакчиликни сақлаб қолди.

Ушбу даврда мижозларнинг 6871 та суғурта даъволари кўриб чиқилиб, уларга қарийб 9,3 млрд. сўм ҳажмидаги суғурта қопламалари тўлаб берилди.

Аҳоли билан ишлашни фаоллаштириш эса жисмоний шахсларни суғурталаш бўйича 18,6 млрд. сўм ёки 2017 йилнинг шу даври билан таққослаганда 2,1 баробар кўп ҳажмидаги суғурта мукофотлари тушумини таъминлаш имконини берди.

2019 йилнинг ўтган олти ойи давомида 17 та янги ҳудудий суғурта бўлимлари очилди ва уларнинг умумий сони 201 тага етди. Туман суғурта бўлимлари томонидан 29,3 млрд. сўм ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,8 баробар кўп суғурта мукофотлари тушуми таъминлангани эса «Ўзбекинвест» компанияси томонидан республиканинг қишлоқ ҳудудлари аҳолиси ва корхоналарини суғурта хизматлари бозорига фаол жалб этилаётганидан далолат беради.

Шу билан бирга, компания мижозлари сони энг аввало, қишлоқ ҳудудлар ҳисобига 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 162 фоизга ўсиб, жисмоний ва юридик шахслар билан тузилган шартномалар сони 480,5 мингтани ташкил этмоқда.

Компания кўп йиллардан буён кредит ва инвестицияларни суғурталовчилар Халқаро Берн иттифоқининг тўла ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади. Унинг доирасида 20 дан ортиқ хорижий мамлакатларнинг давлат экспорт-кредит агентликлари билан алоқалар ўрнатилган ва ҳамкорлик ривожланмоқда.

Фаол халқаро суғурта фаолиятини амалга ошириш натижасида Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш Давлат дастурлари доирасида АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Германия, Россия Федерацияси, Швейцария ва бошқа мамлакатлар хорижий инвесторлари ва пудратчилари томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича қабул қилинган мажбуриятлар ҳажми

20 млрд. АҚШ долларини ташкил этади. Ушбу мажбуриятлар 2024 йилгача амалда бўлади.

«Ўзбекинвест» компанияси АҚШ, Буюк Британия, Япония, Германия, Франция, Хитой, Корея, Россия Федерацияси ва Швейцария каби дунёнинг етакчи суғурта компаниялари ўнталигига кирувчи трансмиллий суғурта, қайта суғурта компаниялари ва суғурта брокерлари билан фаол ҳамкорлик қилмоқда.

Жорий йилнинг 10 июль куни Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда суғурта хизматлари бозорини ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда белгилаб берилган вазифаларлан келиб чиқиб, «Ўзбекинвест» компанияси 2019 йилнинг 2-ярмида ўз олдига қуйидаги янги ва тизимли вазифаларни қўйган:

- маҳаллий экспортчиларга суғурта ҳимоясини тақдим этиш бўйича хизматларни тубдан ривожлантириш ва ошириш ҳамда йил якунига қадар марказлашмаган экспортнинг суғурталаш ҳажмини 1 млрд. АҚШ долларига етказиш кўзда тутилган;

- аҳоли ва бизнес субъектлари эҳтиёжларига мос ва инновацион суғурта маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

- онлайн суғуртани жорий этиш ва Интернет-дўкон хизматларини жисмоний шахслар учун оммавий ривожлантириш;

- суғурта маҳсулотлари ва хизматларни фаол тарғиб қилиш;

- компания фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, бизнес жараёнларни автоматлаштириш ва компаниянинг ишончли информацион хавфсизлик даражасини таъминлаш;

- «узлуксиз таълим» концепциясини амалга ошириш ва етакчи хорижий суғурта компаниялари ва ўқув марказларида ходимлар малакасини ошириш ва бошқалар.

«Ўзбекинвест» ЭИМСК Ахборот хизмати

Мавзуга оид