Жамият | 19:40 / 30.07.2019
21951
3 дақиқада ўқилади

Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида замонавий қаҳвахона қурилиши эътирозларга сабаб бўлмоқда

Бухоро шаҳрининг тарихий марказида — Нодир девонбеги мадрасасининг орқа томонидаги дарахтлар экилган кичикроқ майдон ўраб қўйилгани маҳаллий фаоллар ва блогерларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Лойиҳага кўра, бу ерда ертўлали замонавий қаҳвахона бунёд этилиши режалаштирилган. Бунинг учун аввало бу майдончадаги дарахтлар кесилади, албатта.

Kun.uz’нинг Бухоро шаҳридаги манбаси маълум қилишича, 1992 йилда ушбу майдонга шарқона уч кўзанинг декоратив конструкцияси — ўзига хос ёдгорлик ўрнатилган бўлган. Кейинчалик улар бузиб ташланган ва майдонда дарахтлар ва ўтлоқ қолган.

2018 йилда Баҳоуддин Нақшбанд кўчаси бўйида жойлашган боғча ичидаги айлана, цилиндрсимон қаҳвахона бузиб ташланган ва ўрни автомобиллар турар жойига айлантирилган.

Бизга маълум бўлишича, Нодир Девонбеги мадрасаси орқасидаги Меҳтар Анбар ва Баҳоуддин Нақшбанд кўчалари кесишмасида жойлашган дарахтзор майдон Бухоро шаҳар ҳокимлиги томонидан ўша бузиб ташланган қаҳвахона эвазига унинг эгаларига қаҳвахона ва туристик ахборот маркази барпо этиш учун берилган.

Янги барпо этилиши мўлжалланган қаҳвахонанинг лойиҳасини ким тайёрлангани номаълум. Лекин унинг ертўласи, биринчи қавати ва ёзги айвонли иккинчи қавати ҳам бўлади.

Эслатиб ўтамиз, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон меросига киритилган шаҳарларимиз, жумладан Бухоро шаҳрининг тарихий марказида ҳар қандай янги бино ва иншоотлар қуришда ЮНЕСКОнинг (ICOMOS — International Council on Monuments and Sites — ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни сақлаш бўйича халқаро кенгаш) тавсияларига риоя қилиш керак. Боз устига, «Бухоро тарихий маркази» объектининг сақланганлик ҳолати Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 2020 йилдаги 44-сессияда кўриб чиқилиши эълон қилинган эди.

Эслатиб ўтамиз, Бухоро шаҳрининг қадимий марказида жойлашган ва мукаммал реставрациядан чиқарилган Фатҳуллохон ва Аёз карвонсаройлари Бухоро шаҳридаги «Temur’s restaurant» умумий овқатланиш корхонаси раҳбари Темур Тиллаевга ижара асосида берилаётгани, бу қадимий ва тарихий гўшада овқатланиш жойи очилиши ҳақидаги ташвишли хабарлар Kun.uz таҳририятига ҳам келиб тушган эди.

22 июль куни Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев ва элчи Виолен де Вильмор иштирокида бўлиб ўтган учрашувда вилоят ҳокими мазкур карвонсаройлар ўз ҳолича сақланаётганини, бу ерда ҳеч қандай ресторан очиш режаси мавжуд эмаслигини, аксинча, бугунги кунда ишламай турган бу объектларнинг асл кўринишини сақлаб қолган ҳолда уларда сайёҳлар ташриф буюриши учун қулай имкониятлар яратиш бўйича иш олиб борилаётганини маълум қилган эди.

Шуҳрат Шокиржонов

Мавзуга оид