Бухородаги қабристонни ободонлаштиришга ташкилотлар ходимлари мажбурий жалб қилинмоқда — Kun.uz суриштируви
Бухоро шаҳридаги «Ҳазрати имом» қабристони энг катта ва қадимий қабристонлардан бири бўлиб, ҳудуди 17 гектарни ташкил қилади. Айни вақтда ушбу қабристонда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда қабристондаги ободонлаштириш ва турли қурилиш ишларига шаҳардаги мавжуд ташкилотлар, жумладан, таълим тизими, тиббиёт муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари ва ҳарбий қисм аскарлари мажбурий жалб қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Kun.uz мухбири Бухоро шаҳридаги ушбу қабристонга борди ва мавжуд вазиятни жойида ўрганди.
Қабристонда ҳақиқатан ҳам кенг кўламда ободонлаштириш ишлари олиб борилаётганига гувоҳ бўлиш мумкин.
Турли юмушлар билан банд бўлган фуқаролар билан суҳбатлашдик.
«Биз ободонлаштириш бошқармасида ишлаймиз. Бу ерда ишлар бошланганига бир ойга яқин вақт бўлди. Тўғри, бу ерда биздан ташқари, турли ташкилотлар ходимлари, ўқитувчилар ҳам, шифокорлар ҳам келиб ишлашмоқда. Бугун ҳам эрталабдан туш вақтигача ишлаб кетишди», — дейди Бухоро шаҳар ободонлаштириш бошқармасининг исмини очиқлашни истамаган ишчиси.
Албатта, қабристонлар ободлигига ободонлаштириш бошқармаси ишчи-ходимлари масъул. Аммо қолган ташкилотлар ходимлари-чи?
Шундан сўнг, қабристонда бўёқлаш ишларини олиб бораётган яна бир фуқаро билан суҳбатлашдик.
«Ўзим боғчада ишлайман. Бизга шу ерга келиб ёрдам беришимизни айтишган. Бир неча кундан буён ишлаяпмиз. Шаҳардаги ҳамма боғчадан келишяпти», — дейди у биз билан суҳбатда. У ҳам исми сир қолишини биздан қаттиқ илтимос қилди.
Ўрганишимиз давомида фуқаролик кийимида жазирама иссиқда ишлаётган Бухоро шаҳридаги ҳарбий қисм аскарларини учратдик.
«Бизни бу ерга бугун олиб келишди. Ишлаяпмиз, ёрдам беряпмиз», — дейди аскар.
Маълум бўлишича, ташкилотларнинг аксарияти эрталабдан туш вақтигача ишлаб кетишган (биз қабристонга тушдан кейин бордик).
Мазкур ҳолатга изоҳ олиш учун Бухоро шаҳар ҳокимлигида бўлдик. Шаҳар ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари билан учрашишнинг имкони бўлмади. Ҳокимликнинг қурилиш бўлими бош мутахассиси А.Мансуров «Ҳазрати Имом» қабристонида бўлаётган ободонлаштириш ишларига шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Асрор Ҳайитов масъул эканлигини билдирди.
Биз билан суҳбатда А.Ҳайитов қабристонга ташкилотлар ходимлари мажбурий жалб этилаётганини рад этди.
«Хабарингиз бор, Ислом ҳамкорлиги ташкилоти томонидан 2020 йилда Бухоро Ислом маданияти пойтахти сифатида эътироф этилган. Айни вақтда шаҳарда шунга катта тайёргарлик кўриляпти. Жумладан, «Ҳазрати Имом» қабристонида ҳам шу мақсадда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб бориляпти. Чунки қабристон ичи ва атрофи анча абгор аҳволга келиб қолганди. Ўт-ўланлардан тозаланяпти, қабр ораларида йўлаклар қилиняпти. Бир ойга яқин вақт бўлди ишлар бошланганига. Ҳеч ким бу ерга мажбурий жалб этилаётгани йўқ. Оммавий бир ҳашар тарзида ишлар ташкил этиляпти. Шу ерда кўпчиликнинг ота-оналари, яқинлари ётибди. Ихтиёрий равишда яқинларининг қабрлари ва уларнинг атрофини тозалаб қўйишаётган бўлиши мумкин. Бунга ҳеч кимни мажбур қилиш шарт эмас», — дейди Ҳайитов.
Аммо қабристон ҳудудида аскарлар ва мактабгача таълим муассасаси ходимлари билан суҳбатлашганимизни, ободонлаштириш бошқармасининг ишчилари эрталабдан туш вақтигача барча ташкилотлардан ходимлар келиб ишлаётганлигини тасдиқлаганлигини айтганимизда ҳоким ўринбосари бундай ҳолатларни қатъий рад этиб, ҳашар тарзида ишлар бўлаётганлигини таъкидлади.
Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 349-сон Қарорига мувофиқ, ҳашар фақат ихтиёрий асосда ўтказилиши белгиланган. Ҳашарни ўтказиш учун умумхалқ ҳашарини ўтказиш тўғрисида Президентнинг тегишли ҳужжати ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори бўлиши шарт. Ҳашарлар унда иштирок этадиган шахслар меҳнат қиладиган тегишли ташкилот ҳудудида меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик нормаларига қатъиян риоя этилган ҳолда ўтказилади. Ҳашарлар доирасида бошқа турдаги жамоат ишлари, шу жумладан, қурилиш-таъмирлаш ишларига мажбурий жалб этишга йўл қўйилмайди.
Ушбу масала юзасидан Бухоро шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Изом Қурбонов билан ҳам суҳбатлашдик.
«Қабристонлар бизнинг тасарруфимизда бўлганлиги учун бошқармамиз ишчи-ходимлари доимий ишлаяпти. Бошқа ташкилотлардан ҳам келиб ёрдам қилишмоқда. Маҳалла раислари аҳолини жалб қиляпти. Ташкилотлар бўйича сизга аниқ бир гап айтолмайман. Бу ишларни ҳокимият ташкил қиляпти, ташкилотлар ходимлари келишини ҳам улар ташкил қиляпти. Лекин келиб ишлашаётгани рост», — дейди биз билан суҳбатда Қурбонов.
Маълумотларга кўра, айни вақтда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Бухоро шаҳрида бюджет ташкилотлари ходимларининг ободонлаштириш ишларига мажбурий жалб қилингани тўғрисидаги хабарлар бўйича текширув ишларини бошлаган.
Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.
Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
12:01 / 09.11.2024
Бухорода 16 ёшли бола ўнлаб шахслар номига кредит олиб, онлайн қиморга тикиб юборди. У қамоққа олинган
11:34 / 06.11.2024
Бухорода 1 млрд сўмдан зиёд электрдан ноқонуний фойдаланган тадбиркор аниқланди
15:04 / 03.11.2024
Бухорода хотинига оғир тан жароҳати етказган шахс қамоқдан озод қилиниб, шартли жазо тайинланди
19:00 / 24.10.2024