Ўзбекистон | 21:10 / 06.08.2019
61934
4 дақиқада ўқилади

Акмал Саидов: Жаслиқда қийноқлар бўлмаган деб айта олмайман

Бугун, 6 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелда қабул қилинган «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан брифинг ўтказилди. Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирок этди.

Тадбир давомида марказ директори бола ҳуқуқлари масаласида, соҳада қилинган ва қилиниши лозим масалаларга ҳам тўхталди.

«Болалар ва ёшларимиз сиёсатида таълим-тарбиянинг роли жуда муҳим. Афсуски, бу масалада тартибга солувчи қонунлар, масалан «Таълим тўғрисида»ги Қонун жуда эски. Ҳозирги даврга умуман тўғри келмайди. Яқинда Беларусга президентимиз билан бирга борганимда уларда таълим кодекси борлигини кўрдим. Бизда ҳам таълим соҳасидаги қонунчиликни тартибга келтирувчи таълим кодекси қабул қилсак тўғри бўларди. Бу соҳада қонуности ҳужжатлар жуда кўп.

Таълим масаласида айтадиган бўлсак, ўрта таълим Ўзбекистонда бепул. «Пулли бўлиши керак», «ҳудудлардан келса қолганларга жой етмай қолади» каби гаплар асоссиздир. Бизда ўрта таълим бепул – бу конституциявий талаб.

Қонунчиликдаги кемтиклардан яна бири никоҳ ёши билан боғлиқ. Қизларимизга бошқа, йигитларимизга бошқа ёш меъёри белгиланган. Масалан, 16 ёшга чиққан қиз ҳали сайлов ҳуқуқига эга бўлмайди. Мен буни 15 йилдан бери айтиб келаман. БМТнинг бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасидагилар неча бор гапиришди. Тенгҳуқуқли бўлиши кераклигини такрор ва такрор айтишди. Биз биринчи марта ёшни тенглаштиряпмиз.

Бола ҳуқуқларида яна бир муаммо мавжуд - шаръий никоҳ тузилган, лекин қонуний никоҳдан ўтмаган бўлса туғилган болалар маълум бир ҳуқуқларга эга бўлмай қолади. Бу суд томонидан белгиланиши мумкин.

Болаларнинг боғчалар билан қамраб олиш масаласида вазир Агриппина Шин айтиб ўтдики, 41 фоиз ҳолатда экан. Биз биринчи марта Миллий тикланиш демократик партиясида ўрганганимизда 13 фоиз болалар боғчаларда эди. Бу рақамлар кейин 20 фоизга, мана энди 40 фоиз даражасида кўтарилди.

Қонунчиликдаги камчиликлар ҳақида айтадиган бўлсак, ҳозирги кунда коррупцияга қарши кураш кетаётган вақтда лоббизм ҳақида қонун йўқ. Шунингдек, соҳадаги муҳим ҳолатлардан бири хайрия масаласига тўхталиб ўтсам. Бу масалада «Хайрия фаолияти тўғрисида»ги қонунимиз бор. Бироқ бу қонунларимиз ҳозирги кунда озгина орқада қолган. Хайрия қилаётган шахсларга ҳуқуқий имтиёзлар бериш керак. Буларга солиғини камайтириб қўйилса, ҳам жамият ютарди, ҳам тадбиркорга яхши бўларди», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Акмал Саидов бола ҳуқуқлари бўйича берилган масалалардан ташқари бевосита инсон ҳуқуқлари бўйича саволларга ҳам жавоб бериб ўтди. Журналистлар томонидан берилган Жаслиқ колониясининг ёпилиши масаласида қуйидаги фикрларни билдирди.

«Бу нафақат миллий, балки халқаро миқёсда ҳам резонанс ҳолат бўлди. Стив Свердловнинг сўзлари билан айтганда, президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий жасорати бўлди. Бу тан олиш керак, тарихий воқеа. 1999 йилда ташкил этилган Жаслиқ колониясида мен ҳам бўлганман. Очиғини айтишимиз мумкин, бошқа турмалар билан солиштирганда яхшироқ эди. Бу жойда ҳамма шароитлар бор эди. Мен Жаслиқда қийноқлар бўлмаган деб айта олмайман. Бу жойга нисбатан узоқ вақтлар давомида жуда салбий фикрлар бўлди. Бу Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги рейтингини тушириб юборишга асосий сабабчилардан бири бўлди. Биз бундан ўзимизга дарс олишимиз керак», дея таъкидлаб ўтди Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори.

Мавзуга оид