Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Нью-Йоркда мотоциклларнинг пақилдоқ овози одамларнинг ваҳимада қочишига сабаб бўлди
АҚШда юз берган охирги отишмалардан кейин Нью-Йоркнинг Таймс-сквер майдонида йиғилган минглаб одамлар мотоциклларнинг чиқинди газлар чиқиши вақтидаги пақилдоқ овозларни отишма овози билан адаштириб ваҳимада қочишга тушишди. Бу ҳақда Fox News телеканали хабар берди.
Воқеа 6 август кечки пайт юз берган. ОАВ маълумотларига кўра, саросима оломон ичида кимдир “ўқчи” деб бақиргандан кейин бошланган. Ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган видеоларда одамлар майдондан оммавий равишда қочаётганларини кўриш мумкин. Полицияда маълум қилинишича, воқеа сабабли шошилинч ёрдам линиясига кўплаб қўнғироқлар туша бошлаган. Камида 6 киши енгил жароҳатлар билан шифохонага етказилган.
Кейинроқ полиция отишма ҳақидаги хабарни рад этган ва майдон яқинидан ўтаётган мотоцикллар овози “ўқ овози” каби янграганини айтган. “Илтимос, ваҳима қилманг. Таймс-сквер ҳудуди жуда хавфсиз ҳудуд”, дейилган полиция эълон қилган хабарда.
Аввалроқ Нью-Йорк полицияси АҚШдаги оммавий қотилликлардан кейин шаҳар кўчаларида патруллар кўпайтирилганини маълум қилган.
3 августда техаслик 21 ёшли йигит Мексика билан чегарадош Эл-Пасо шаҳрида жойлашган Walmart супермаркетида отишма очган. Гумонланувчи ушланган, у террорчиликда айбланмоқда. Тахмин қилинишича, у жиноятни ирқий адоват негизида содир этган. Воқеа оқибатида 22 одам, жумладан Мексика фуқаролари ҳалок бўлган, 20 дан кўпроқ одам яраланган. Кўп ўтмай Огайо штатининг Дейтон шаҳрида яна бир отишма юз берган. Бу отишма оқибатида 10 киши, жумладан қотилнинг ўзи ҳалок бўлган, 30 дан кўпроқ киши жабрланган.