Kun.uz танқидидан сўнг: Урганч туманидаги «Ҳаёт йўқ маҳалла» йўллари таъмирланди
Шу йилнинг февраль ойида Kun.uz таҳририятига Хоразм вилояти Урганч тумани Ғалаба маҳалласининг Амударё кўчасида яшовчи аҳоли ижтимоий муаммолар ечимсиз қолаётганидан шикоят қилганди.
Мурожаатда маҳалла йўллари жуда ёмонлиги, электр энергияси таъминотидаги тез-тез узилишлар, электр симёғочлари йўқлиги, ичимлик суви тармоғидаги муаммолар, маиший чиқиндилар тўпланиб қолаётгани каби муаммолар кўрсатилганди.
Мурожаат асосида маҳаллага бориб, вазиятни ўргандик, ўрганиш давомида шикоят ўринли экани аниқланди. Бу ҳақда «Ҳаёт йўқ маҳалла!» - Урганч туманидаги «дунёдан узилган» маҳалла муаммолари ва «Ҳаёт йўқ маҳалла 2» - Урганч туманидаги «дунёдан узилган» маҳалла муаммолари ҳал бўлмади» сарлавҳали мақолалар эълон қилинди. Бу билан Урганч тумани ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг Амударё кўчаси аҳолисининг шикоятига эътибор қаратиши, муаммоларни бартараф қилишда ёрдам беришини кутган эдик.
Сўнгги танқидий мақола чиққанидан сўнг, «Урганч тумани ҳудудий электр тармоқлари МЧЖ» томонидан камчиликлар, муаммолар бартараф қилиниб, ёғочдан ясалган ва қўлбола усулда ўрнатилган симёғочлар олиб ташланган, ўрнига замонавийлари ўрнатилган, янги трансформатор электр таъминоти тармоғига улаб берилган эди.
Энди эса Автомобиль йўллари қўмитаси Урганч тумани бўлими ҳам йўллар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиб берди.
Маҳалла йўллари текисланди, таъмирланди ва ШҚА (шағал-қум аралашмаси ёки ШПС – «шчебенно-песочная смесь») ётқизилди.
Қайд этиш жоизки, аҳоли яшаш пунктларидаги ички йўлларни таъмирлашда асфальт қопламасидан фойдаланилмайди. Балки ШҚА (ёки ШПС) ётқизилади. Автомобиль йўллари қўмитаси ходимлари маълумотига кўра, ШҚА йўлларнинг ўнқир-чўнқирини бартараф қилади, шунингдек, ёмғир-қорли мавсумда ўтиб бўлмас даражада лой бўлиб ётишига барҳам беради.
ШҚАнинг камчилиги – иссиқ ва қуруқ иқлим шароитида чанг-тўзон бўлишидир. Шу туфайли ШҚА ётқизилган йўллар бўйида яшовчи аҳолига унга мунтазам равишда сув сепиб туриш тавсия қилинган.
Йўлларни таъмирлаш жараёнида эътиборимизни бир ҳолат тортди. Автомобиль йўллари қўмитаси Урганч тумани бўлимига қарашли техникалардан йўлни текисловчи грейдернинг жуда эски ва абгор аҳволда эканини кўрдик. Собиқ иттифоқ даврида ишлаб чиқарилган бу техника ниҳоятда таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Ваҳоланки ҳозирги пайтда замонавий грейдерлар ўзимизда ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Йўлларни таъмирлашга бўлган эҳтиёж кучли, аммо моддий ва маънавий эскирган техника билан бундай ишларни жадал олиб бориш мумкинмикан?
Урганч тумани «Ғалаба» маҳалласидаги Амударё кўчасида 200дан ортиқ хонадонда 1500дан ортиқ киши истиқомат қилади. Маҳаллани вилоят маркази Урганч шаҳридан 3 километр масофа, Наврўз шаҳарчасидан эса атиги битта заҳкаш ажратиб туради. Маҳаллий такси ҳайдовчилари орасида у «ҳаёт йўқ маҳалла», яъни «дунёдан узилган маҳалла» номи билан машҳур эди. Энди аста-секин «дунёга, цивилизацияга қайтмоқда», обод бўлмоқда. Бироқ, маҳаллада ўз ечимини кутаётган ижтимоий муаммолар ҳали бор. Энди одамлар маҳалла ҳудудига жамоат транспорти келишини, автобус қатнови йўлга қўйилишини, бу билан узоғи яқин, оғири енгил бўлишини кутишмоқда. Биз ҳали бу мавзуга яна қайтамиз.
Нурмуҳаммад Саид
Мавзуга оид
22:00 / 02.07.2024
Урганч тумани қурилиш бўлими собиқ бошлиғига нисбатан жиноят иши қўзғатилди
15:26 / 15.06.2024
“Хоразмча рейдерлик” такрорланди: Урганч туманида деҳқоннинг ғалласи тортиб олинган
16:01 / 25.02.2024
Хоразмда 3 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган фермер хўжалиги аниқланди
07:31 / 28.01.2024