Ўзбекистон | 21:52 / 13.08.2019
31871
2 дақиқада ўқилади

Азиз Абдуҳакимов: “Нега андижонлик талаба ёзда Тошкентга келиб ишлаши ёки саёҳат қилиши мумкин эмас?”

Бугун, 13 август куни Тараққиёт стратегияси марказида бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мутасаддилари иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда Азиз Абдуҳакимов Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмунини кенг оммага таништирди. Мазкур ҳужжатда ёшлар туризмини ривожлантириш бўйича қилиниши керак бўлган ишлар алоҳида таъкидланди.

“2017 йилдан бошлаб ёшлар туризмини ривожлантиришга жуда катта имтиёзлар берилганди. Мактаб, коллеж, лицей ва олийгоҳларда ёшлар туризмини тарғиб қилиш бўйича тубдан янгиланган дастурлар ишлаб чиқяпмиз. Бунда Ёшлар Иттифоқи билан тизимли ишларни йўлга қўйишимиз керак. Айнан ушбу йўналишдаги туризмни ривожлантиришда талабалар ётоқхонасига алоҳида эътиборингизни қаратмоқчиман. Охирги 2 ой мобайнида ўрганиш ишларини олиб бордик. Шу аниқ бўлдики, ётоқхоналар ёзги мавсумда бўм-бўш тураркан. У ердаги шароитлар ҳам қониқарли даражада. Нимага ёзги мавсумда булардан фойдаланилмайди, деган саволга ўзим ҳам жавоб тополмадим”, деди Абдуҳакимов.

Абдуҳакимовнинг қўшимча қилишича, шундай ёшлар борки, ёзда ҳам ишлаб, ҳам саёҳат қилишни хоҳлашади. Уларнинг талабини қондира оладиган тизим ишлаб чиқилмаган. Нега Андижон тиббиёт институти талабаси пойтахтга келиб ишлаши, озроқ пул топиши, талабалар тураржойида вақтинчалик яшаши керакмас? Ёки нима учун тошкентлик талаба Хоразм анъанасини ўрганиш учун воҳага боролмаслиги лозим? Бу бўйича шуғулланилмаганлиги туфайли қатор муаммолар юзага келган. 

Мавзуга оид