Ўзбекистон | 10:46 / 20.08.2019
4792
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон катта кўламли “Марказ-2019” ҳарбий машғулотларида иштирок этади 

8 та давлат – Ўзбекистон, Россия, Хитой, Покистон, Ҳиндистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳарбийлари 16-21 сентябрь кунлари ўтадиган стратегик қўмондонлик-штаб машғулотлари  “Марказ-2019”да (Центр-2019) иштирок этадилар. Бу ҳақда Россия мудофаа вазирлигида маълум қилинди.  

Таъкидланишича, асосий ҳаракатлар Россиянинг 8 та полигонида бўлиб ўтади. Баъзи машғулотлар қолган давлатлар полигонларида “алоҳида режалар”га кўра ўтказилади.   

“Россиянинг Европадаги қисмида жойлашган Донгуз, Тоцкий, Аданак полигонларидаги қўшинларнинг амалий ҳаракатларида 12950 киши (жумладан. 10700 россиялик ҳарбий, қолган давлатлардан 2250 ҳарбий), 250 тагача танк, жанговар машина ва бронетранспортёрлардан 450 тагача, артиллерия тизимлари ва ёппасига ўт очиш реактив тизимларидан 200 тагача иштирок этади”, дейилган хабарда. 

Ҳаммаси бўлиб машғулотларда 128 минг киши, 20 мингдан кўпроқ ҳарбий техника ва қурол бирлиги, 600 га яқин парвоз қурилмаси ва 15 тагача кема иштирок этади.

Машғулотларнинг бир қисми Каспий денгизида ўтказилади, у ерда қуруқликдаги қўшинларга кўмак кўрсатиш, денгиз коммуникацияларини ҳимоя қилиш ҳаракатлари машқ қилинади.

Машғулотлар вақтида давлатлар халқаро коалицияси қўшинларини террорчиликка қарши курашда қўллаш ва Марказий Осиё стратегик йўналишида ҳарбий хавфсизликни таъминлаш масалалари машқ қилинади. Маълум қилинишича, “Марказ-2019”нинг асосий мақсадлари нафақат қўшинлар тайёргарлиги даражасини текшириш ва улар томондан тажриба орттириш, балки Россия ва Марказий Осиё давлатлари ҳарбийларининг миллий манфаатларни ҳимоя қилишга тайёрлигини намойиш қилиш ва биргаликда ҳаракатланиш даражасини ошириш ҳисобланади. 

Машғулотлар 2 босқичда ўтади. Биринчи босқичда террорчиликка қарши кураш, ҳаво зарбаларининг қайтарилиши, разведка ва мудофаа ҳаракатлари машқ қилинади, иккинчи босқичда ҳарбийлар шартли душманни яксон қилиш учун ҳужумга ўтадилар.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид