Ўзбекистонда илк бор ITWomenUz ойлиги ўтказилмоқда
19 август куни Ўзбекистонда хотин-қизларни ахборот технологиялари соҳасига жалб қилишга қаратилган илк йирик миқёсдаги тадбир ─ ITWomenUz инновацион ойлиги старт олди.
Ойлик Республика хотин-қизлар қўмитаси, Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича “Mirzo Ulug'bek Innovation Center” инновация маркази, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Тошкент Ахборот технологиялари университети ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.
Мазкур ойлик давлат раҳбари томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббуснинг учинчиси ─ “Аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш” ҳамда бешинчиси ─ “Хотин-қизларни иш билан таъминлаш” ташаббусларини амалиётга татбиқ қилишни кўзда тутади.
19 августдан 19 сентябрга қадар давом этадиган ITWomenUz ойлиги доирасида 160 нафар хотин-қизлар бир ҳафта мобайнида ўқув машғулотларида иштирок этишади. Тингловчилар олган назарий билимларини қолган уч ҳафта давомида ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритаётган ташкилот ва корхоналарда амалий равишда қўллаб, тажриба орттиришади. Иштирокчиларга IT соҳасидаги малакали мутахассислар томонидан компьютер графикаси ва дизайн, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш, мобиль иловалар тайёрлаш, веб-сайт яратиш бўйича билимлар берилади.
ITWomenUz ойлигини бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Эльмира Боситхонова очиб берди.
─ Илгари аёлларнинг бандлигини таъминлаш фақатгина қишлоқ хўжалиги, завод ва фабрикалар, мактабда дарс бериш билан боғлиқ бўлган бўлса, ҳозир уларни ахборот технологиялари соҳасига жалб қилиб, уйда ўтириб ҳам ишлай олишлари учун имконият яратилмоқда. Бу борада хотин-қизлар қўмитаси уларга тиргак бўлишга тайёр. Тиббиёт соҳаси вакили сифатида айтишим мумкинки, туғилажак фарзанднинг интеллектуал салоҳияти 85 фоиз онага боғлиқ бўлади. Демак, биз хотин-қизларнинг интеллектуал даражасини оширишга эътибор қаратишимиз керак,─ дейди Боситхонова.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Олимжон Умаров:
─ IT соҳасига аёлларни жалб қилиш тенденцияси бутун дунёда ҳукм сурмоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида 28 минг 323 нафар дастурчи фаолият юритаётган бўлиб, шундан 8 минг 383 нафарини (29,5 фоиз) хотин-қизлар ташкил этади. Бу кўрсаткични янада ошириш бизнинг вазифамиз. Ахборот технологиялари ҳозирги кунда энг жозибали ва келажаги порлоқ йўналиш ҳисобланади. Шу боис аёлларнинг ижтимоий фаоллиги ҳақида гапирар эканмиз, уларни IT соҳасига жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга.
“Mirzo Ulug'bek Innovation Center” инновация маркази директори Тимур Азаматов:
─ Бизда аёл киши уйда ўтириши керак, хўжаликка қараши керак, деган стереотип шаклланган. Аммо ҳар қандай давлатнинг ривожланиши кўп жиҳатдан шу давлат аёлларига эътиборга боғлиқ. АҚШда IT соҳаси битирувчиларининг 18 фоизини аёллар ташкил этади. Данияда бу кўрсаткич 9 фоиз, Германияда 7 фоиз, Исроилда 34,4 фоиз. Биз каби мусулмонлар яшайдиган Малайзияда эса IT вакилларининг тенг ярмини аёллар ташкил этади. Шунингдек, cтатистикага кўрa, аёллар томонидан ёзилган дастурлаш кодлари ишончлироқ ва уларга талаб юқори ҳисобланади. IT соҳасида ишлаш учун керак бўлган кўпфунциялилик, яхши хотира ва стрессга чидамлилик хусусиятлари аёлларда эркакларга қараганда юқорироқ, демак, улар бу соҳада юқори муваффақиятларга эришиши мумкин.
Инновацион ойлик якунида назарий ва амалий машғулотларда яхши натижаларни кўрсатган иштирокчиларга сертификат тақдим этилади. “Энг яхши мобиль илова”, “Энг яхши веб-сайт”, “Энг яхши дастурчи”, “Энг яхши дизайнер” номинациялари бўйича иштирокчилар сараланиб, тақдирланишади.
Шунингдек, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган хотин-қизларга кредит маблағларини ажратишда ёрдам берилиши режалаштирилган.
ITWomenUz ойлигининг очилиш маросими доирасида Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича “Mirzo Ulug'bek Innovation Center” инновация маркази билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Мавзуга оид
18:49 / 29.01.2020
Зўравонликка учраган аёлларга ҳимоя ордери қай тартибда берилиши маълум қилинди
02:25 / 20.12.2019
19 нафар маҳкума аёл Хотин-қизлар қўмитаси кафиллиги билан озодликка чиқарилди
18:56 / 10.12.2019
Ўзбекистонда хотин-қизларга доир ўн йиллик стратегия ишлаб чиқилмоқда
15:44 / 26.11.2019