Жамият | 20:42 / 20.08.2019
12895
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда ёшлар уйи нархи 3,65 млн сўмдан 3,25 млн сўмгача арзонлаштирилди, сифатсиз жойлар таъмирланди — Муносабат

Самарқандлик бир гуруҳ иқтидорли ёшлар таҳририятга мурожаат қилгач, «Ёшлар уйи» нархи нега қиммат бўлиб кетди — Уй эгалари бошқалар учун ҳам тўлайдими?» сарлавҳали мақола эълон қилинганди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Самарқанд вилоят кенгаши мазкур мақола эълон қилингач, бугунгача ўз ечимини топган муаммолар юзасидан Kun.uz’га маълумот берди.

«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 18 ноябрда ёш оилаларни янада қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастурини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раислигида ўтказилган 295-сон мажлис қарори билан тасдиқланган 2016 йилда ҳудудларда ёш оилалар учун кўп қаватли «Ёшлар» (собиқ «Камолот») уйларини қуриш Дастурига мувофиқ 2017 йилда Самарқанд вилояти, Самарқанд шаҳар, Навоий шоҳкўчасида 32 хонадонли «Ёшлар» уйлари қурилиши белгиланган.

Мазкур уй-жойларни қуриш учун «Жайҳун» МЧЖ танлаб олиниб, қурилиш қиймати 3 629 550 000 (уч миллиард олти юз йигирма тўққиз миллион беш юз эллик беш минг) сўм ва қурилишни топшириш муддати 285 кун этиб белгиланди.

Бироқ , мазкур уй-жойлар 2019 йилнинг март ойида пудрат ташкилоти томонидан қурилиши якунланиб, уй-жойларнинг жами майдони 1863,23 кв.м ҳамда унинг 1 кв.м учун баҳоси 3 651 413 (уч миллион олти юз эллик бир минг тўрт юз ўн уч) сўм этиб белгиланган.

Самарқанд шаҳар, Навоий шоҳкўчасида жойлашган, 32 хонадонли «Ёшлар» уйларини ўрганиш бўйича Самарқанд вилоят ҳокимлиги томонидан мутасадди ташкилотлар, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Самарқанд вилоят Кенгаши, вилоят давлат архитектура ва қурилиш назорати инспекцияси, вилоят ҳокимлиги инжиниринг компанияси, Марказий банк бош бошқармаси, «Ипотека банк», «Ўзсаноатқурилишбанк», «Қишлоққурилишбанк», Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси ДУК вилоят филиали ва мурожаат қилган фуқаролар иштирокида ишчи гуруҳ тузилди.

Ушбу мутасадди ташкилотлар томонидан қуйидаги ишлар амалга оширилди:

·       Ушбу уйларнинг сифатсиз қурилган жойларини аниқлаб қайтадан таъмирлаб берилди.

·       Уй нархлари 1 кв.м учун баҳоси 3 651 413 (уч миллион олти юз эллик бир минг тўрт юз ўн уч) сўмдан 3 251 000 (уч миллион икки юз эллик бир минг) сўмга туширилди.

Мутасадди ташкилотлар томонидан амалга оширилган ишлар натижасида Самарқанд шаҳар, Навоий шоҳкўчасида 32 хонадонли «Ёшлар» уйларига тавсия этилган 32 номзоднинг барчаси шартнома тузиб уйларини қабул қилиб олдилар», —дейилади ЎзЁИ Самарқанд вилоят кенгашининг маълумотномасида.

Мавзуга оид