Жамият | 21:15 / 21.08.2019
22012
5 дақиқада ўқилади

Қарши шаҳри марказидаги «барак уйлар» эгалари ҳолат яхшиланишидан умидвор. Муаммога ечим борми?

Kun.uz таҳририятига Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳридаги «Мустақиллик» маҳалласининг бир гуруҳ аҳолисидан мурожаат йўлланди. Мурожаатда фуқаролар ўзларининг яшаш шароити оғирлиги, истиқомат қилаётган хонадонлари абгор ҳолатдалигини баён этишган.

Ушбу мурожаатни жойида ўрганиш мақсадида Қарши шаҳрида бўлдик ва фуқаролар билан суҳбатлашиб, уларнинг эътирозларини тингладик.

«Уйларимиз «снос»га тушгани ҳақида икки-уч йил аввал огоҳлантириш хати олгандик. Маҳалламизда фақат ўн-ўн бешта хонадон бузилмади. Атрофда янги кўп қаватли уйлар қурилган. Ўртада бизнинг хонадонлар қолиб кетди. Жуда эски ва хароб уйлар. Бузиб, ўрнига янги уйлар қурамиз, десак, қўлимизда «снос»га тушгани ҳақида огоҳлантириш хати бор. Бир неча йилдан буён на бузишади, на бир тайинли гап айтишади. Эски уйлар нураб боряпти, том қисми буткул яроқсиз аҳволга келган. Фарзандларимиз улғайиб қолишган. Тўй-маъракаларни бу уйларда ўтказишнинг ҳам имкони йўқ. Шароит оғир, нима қилишга ҳайронмиз. Шу масалада ёрдам беришингизни сўраймиз», – дейди Ислом Қобилов.

Шундан сўнг яна бир неча фуқаро ўз эътирозларини билдиришди. Уйлар эскилиги, деворлари нураб бораётгани, хонадонлар ичида яшаш учун шароит абгорлиги ва яна бир неча ҳолатларни санаб ўтишди.

Ушбу эътирозлар асосида хонадонларни кўздан кечирдик. Халқ тилида «барак уйлар» номини олган хонадонларда ҳақиқатан ҳам аҳвол бирмунча ачинарли. Эски уйлар, деворлари нураган ва ички томондан ёрилиб кетган. Уйларнинг том қисми ҳам талабга жавоб бермайди. Канализация тизими йўқ. Хонадонлар эшикларининг шундоққина ёнида ҳожатхоналар қурилган. Бадбуй ҳид хонадонлар бўйлаб тарқалган. Хоналари ичма-ич жойлашган, ошхона, ётоқхоналар аралашиб кетган. Газ ва газ баллонлари ҳам шароитга қараб мослаштирилган ва хавфли кўриниш олган.

Маълум бўлишича, 2017 йилда бу хонадонларда яшаётганларга уйлари бузилиши ҳақида огоҳлантириш хати берилган. Ушбу хатда Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан нотурар ва турар жойлар бузилиши билдирилган.

Аммо шу вақтга қадар огоҳлантириш хатида билдирилган ишлар амалга оширилмай қолиб кетган. «Барак уйлар»даги фуқаролар эса аросатда қолган. Уйларини таъмирлайин деса, эртага бузилишидан ҳадик қилишади. Таъмирламаса, аҳвол абгор.

Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар ҳокимининг қурилиш масалаларига масъул ўринбосари Улуғбек Авазов билан суҳбатлашдик.

«Бу уйларнинг атрофига кўп қаватли уйлар қурилди. Мен ушбу лавозимга келгунимга қадар бу ердаги хонадонлар бузилишга тушган. Аммо вазият бўйича маълумот берадиган бўлсам, уйлар бузилмай қолиб кетишига бу ердан кўпқаватли уй қуришга тадбиркор топилмаган. Шунинг учун ҳалигача бузилмаган. Агар бу уйларни баҳолаб, хонадон эгаларини рози қилиб, қурилишни амалга оширадиган тадбиркор топилса, уйлар бузилади ва уй эгалари кўчирилади. Уйларнинг аҳволи ва фуқароларнинг яшаш шароитига келсак, ҳар бир хонадон соҳиби уйини таъмирлашни ва шароитини яхшилашни ўзлари амалга ошириши керак. Ҳокимият уларга бу борада ёрдам беришга масъул эмас», – дейди ҳоким ўринбосари.

Шундан кейин хонадонлардаги ҳолатни биз билан бирга кўздан кечирган ҳокимлик мутасаддиси шу жойнинг ўзига тадбиркорни жалб этди. Ҳолат юзасидан тушунтириш бериб, хонадон эгаларини рози қилса, уйлар ўрнидаги ер унга ажратиб берилишини билдирди.

Бундай эски уйлар ва абгор шароитда яшаётган аҳоли уйлари бузилишига ва ўрнига уй ёки компенсация тўлаб берилишига қарши эмас. Фақат шаҳар ҳокимлиги бу борада зарур чора-тадбирларни амалга ошириши зарур.

«Барак уйлар» атрофида янги, кўп қаватли уйлар қурилган. Ўртада шу эски уйлар қолиб кетган, холос.

Kun.uz ушбу муаммо юзасидан Қарши шаҳар ҳокимлиги зарур чораларни кўришга ишонч билдиради ва лозим бўлса, бу мавзуга яна қайтади.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид