Ўзбекистон | 21:11 / 24.08.2019
20933
2 дақиқада ўқилади

Ички ишлар органлари ходимларининг жиноят содир этиши икки баробарга камайди

Бойматжон Расулов /Фото: KUN.UZ

2019 йилнинг дастлабки олти ойи давомида ички ишлар органлари ходимлари томонидан содир этилган жиноятлар, маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва хизмат интизомини бузиш ҳолатлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камайди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Бойматжон Расулов юқори палата ялпи мажлисидаги маърузасида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, ички ишлар органлари ходимлари томонидан содир этилган жиноятлар сони 77тадан 35тага, ички ишлар органларидаги фаолияти вақтида жиноят содир этган шахслар сони 84тадан 41тага, маъмурий ҳуқуқбузарликка йўл қўйиш ҳолатлари 823тадан 616тага ва хизмат интизомини бузгани учун жазоланиши ҳолатлари 3704тадан 3061тага камайган.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Расулов 2019 йилнинг биринчи ярмида ички ишлар органлари томонидан тергов қилинган жиноят ишларидан 18 таси йўл қўйилган хато ва камчиликлар сабабли прокурорлар томонидан қўшимча терговга қайтарилганини айтди.

«Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида 4 тадан, Жиззах вилоятида 3 та, Тергов департаменти ва Самарқанд вилоятида 2 тадан, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларида 1 тадан жиноят иши йўл қўйилган хато ва камчиликлар учун прокурорлар томонидан қўшимча терговга қайтарилган», – деб қайд этди у.

Шунингдек, сенаторга кўра, жиноят ишлари бўйича дастлабки тергов давомида ноқонуний айблов эълон қилинганлиги сабабли судлар томонидан 47 нафар шахс оқланган.

Мавзуга оид