Ўзбекистон | 11:53 / 24.08.2019
17913
3 дақиқада ўқилади

Сенат мажлиси: Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича қонун маъқулланмади

Фото: KUN.UZ

23 август куни ўз ишини бошлаган Сенатнинг 21-ялпи мажлиси кун тартибига мувофиқ “Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди, аммо маъқулланмади.

Мазкур қонун лойиҳаси таҳлили бўйича маъруза қилган Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Зайниддин Низомхўжаевга кўра, лойиҳа бир қатор халқаро нормаларга зид, масала тўлиқлигича қамраб олинмаган.

─ Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш, гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир белгиланган тадбирларга риоя этилишини таъминлашни кўзда тутувчи мазкур қонун лойиҳаси ўрганилиб, уни тамомила қайта кўриб чиқиш керак, деган хулосага келинди,  ─ дейди қўмита раиси.

Низомхўжаевга кўра, қонунда гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларга мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотларини реклама қилиш назарда тутилган. Бироқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси нормаларига кўра, аҳоли орасида она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилмаслик, улар сотилишини тарғиб қилишнинг бирор шаклини қўлламаслик қатъий белгилаб қўйилган.

Шунингдек, қонунда “кимёвий таркиби ва озиқлик қиммати бўйича она сутига яқинлаштирилган” деган ибора қўлланилиб, она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотлар энг идеал маҳсулот сифатида талқин қилинган. Ваҳоланки, она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни сотиш қоидаларининг Халқаро тавсиялар тўпламига кўра, бундай маҳсулотларнинг этикетларида “инсон сутига яқинлаштирилган”, “она сутига ўхшаган” каби ибораларни қўллаш мумкин эмас.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур қонун талабларига риоя этилиши учун жавобгар орган сифатида кўрсатилган, аммо бу борада давлат назоратини амалга ошириш бўйича қоидаларни татбиқ этишнинг аниқ механизми очиб берилмаган.  

Шу билан бирга, қонунда она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлашга эришишнинг асосий механизми сифатида тарғибот ишлари кўрсатилган. “Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ва бунга шарт-шароит яратиш деганда биз фақат тарғиб қилишни назарда тутмаслигимиз керак. Балки репродуктив ёшдаги, ҳомиладор ва эмизикли аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларни соғлом озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, она сути билан озиқлантириш учун махсус ажратилган жойларни ташкил этишни мақсад қилишимиз лозим”, ─  дея таъкидлайди Зайниддин Низомхўжаев. 

Юқоридагиларга асосланган ҳолда мазкур қонун лойиҳаси маъқулланмади, қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш учун Қонунчилик палатасига қайтарилди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид