Жамият | 12:00 / 25.08.2019
140414
2 дақиқада ўқилади

Булоқбошида нефть қувуридан уйига лаҳм кавлаб, кунига 2,5 тонна нефть олаётган фуқаро қўлга тушди

Андижон вилояти Булоқбоши туманида халқ орасида «Нефтепром» деб ном олган шаҳарчада («Саноат» МФЙ) яшовчи амакиваччаларнинг қинғир иши фош бўлди.

Улар ўз уйидан уч ой давомида кўчаларидан ўтган нефть қувури томон ер остидан 16 метрлик лаҳм кавлаб, нефть ёқилғиси оқаётган қувурни тешиб унга резина шланг улашган ва «қора олтин»ни ўз хонадонлари томон оқиза бошлашган.  

Ер остидан келаётган нефть резина шланг орқали қўшнининг уйига етиб бориб, ўша ерда ер остига кўмилган 3 тонналик цистернага қуйилган. Харидорлар ўша ердан транспорт орқали ноқонуний нефть ёқилғисини ташиб олиб кетишган.

2019 йил 23 август куни соат 23:00 атрофида Булоқбоши туман ИИБ жиноят қидирув бўлими ходимлари ҳамда туман ДХХ ходимлари ҳамкорликда олиб борган тезкор тадбир давомида «Саноат» маҳалласи, Каттатол кўчаси 7–уйда яшовчи фуқаро И.С ўз хонадони олдидан ўтган нефть қувурини тешиб, шланг орқали уйига оқизиб, сўнг бу маҳсулотни қўшни уйда яшовчи жияни Х.Анинг хонадонига олиб ўтиб, ерга кўмилган 3 тонналик цистернага қуйишни йўлга қўйгани аниқланган.

Бу шахсларнинг қанча вақтдан бери «нефть қудуғи эгаси»га айлангани номаълум.

«Бир ой бўлганди. Кунига кўп эмас, икки ярим тонна нефть қуйилаётган эди», дейди улардан бири.

Айни пайтда ҳар икки шахсга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид