Ўзбекистон | 12:09 / 26.08.2019
23637
4 дақиқада ўқилади

Президент маслаҳатчиси Равшан Ғуломовга қўшимча вазифалар юкланди, Вазирлар Маҳкамасида янги шўъба ташкил қилинди

Равшан Ғуломов/Фото: UzReport

Ўзбекистон Республикаси президенти “Давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат тармоқларида кооперация алоқаларини жадаллаштиришнинг янги тизимини жорий этиш бўйича масъулиятини янада ошириш тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасида импортни доимий таҳлил ва мониторинг қилиш йўналишида белгиланган штатлар сони доирасида 6 та штат бирлигидан иборат алоҳида таркибий тузилма ташкил этилмоқда ва унинг асосий функциялари этиб куйидагилар белгиланмоқда:

бюджет ва давлат мақсадли жамғармаларининг маблағлари ҳисобидан, шунингдек мониторинг юритиладиган корхоналар томонидан амалга оширилган импорт ҳажмлари ва номенклатурасини доимий таҳлил қилиш;

бюджет ташкилотлари, бюджет маблағларини олувчилар ва мониторинг юритиладиган корхоналар томонидан давлат харидлари доирасида сотиб олинган маҳсулотларнинг асосланганлигини, импортдан олинган маҳсулотларнинг, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари - резидентлардан харид қилинган импорт маҳсулотларининг нарх бўйича белгиланган параметрларга мувофиқлигини ўрганиш;

ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар натижалари бўйича маҳаллийлаштириш жараёнини янада такомиллаштириш юзасидан тайёрланган маълумотларни ҳар чорак якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиб бориш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Макроиқтисодий таҳлил, таркибий ўзгартиришлар, молия-банк тизими ва хусусий тадбиркорлик масалалари котибияти тузилмасида 3 та штат бирлигидан иборат Иқтисодиёт тармоқларида ва ҳудудларда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурларини ишлаб чиқиш ва саноатда кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари шўъбаси ташкил қилинмоқда.

Белгиланишича:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси (Р. Ғуломов) вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, шунингдек ҳоким ёрдамчиларининг маҳаллийлаштиришни ҳамда саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш йўналишидаги фаолиятларини мувофиқлаштиради;

мазкур қарорнинг 2, 3 ва 9-бандларида назарда тутилган штат бирликлари Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси тизимидаги 10 та ва Давлат солиқ қўмитаси тизимидаги 21 та штат бирликларини қисқартириш ҳисобига шакллантирилади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат кооперациясини ривожлантириш жараёнларини чуқурлаштириш бўйича ваколатли орган сифатида белгиланди ва вазирликка қуйидаги қўшимча вазифалар юкланди:

тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, хом ашё ва материаллар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш бўйича тармоқ ва ҳудудий корхоналар томонидан амалга оширилаётган тадбирларни мувофиқлаштириш;

импорт товарларига бўлган республика эҳтиёжларини доимий равишда ўрганиш орқали республикада мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш;

ўзлаштирилиши тавсия этиладиган талаб юқори бўлган маҳсулотларнинг электрон рўйхатини янгилаб бориш орқали тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам бериш;

иқтисодиёт тармоқлари бўйича маҳаллийлаштириш дастурлари лойиҳаларини шакллантириш, уларни амалга оширишни ташкил этишда, саноат кооперацияси асосида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришда амалий ёрдам кўрсатиш;

маҳаллийлаштириш дастурига киритилган лойиҳаларнинг мақсадли кўрсаткичлари бажарилишини тизимли мониторинг қилиб бориш ва ҳисоботини юритиш, ишлаб чиқариш билан боғлиқ муаммоларни ваколатли идоралар билан биргаликда жойига чиққан ҳолда бартараф этиш чораларини кўриш.

Белгилаб қўйилишича, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат тармоқларида кооперация алоқаларини жадаллаштиришнинг янги тизимини жорий этишдаги устувор вазифаларни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширади.

Мавзуга оид