Ўзбекистон | 11:50 / 28.08.2019
10628
2 дақиқада ўқилади

Пойтахтнинг 3та туманида янги электр ҳисоблагичларни ўрнатиш бошланди

Фото: KUN.UZ

2019 йил 28 августдан бошлаб “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан пойтахтнинг Чилонзор, Яшнобод ва Яккасарой туманлари истеъмолчиларига замонавий электр ҳисоблагичларни жорий этиш ишлари бошланди. 

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ матбуот хизмати шуни инобатга олиб, хонадонда вояга етган шахснинг имкон қадар иштирокини таъминлашни ҳамда ҳозирда мавжуд ҳисоблагич кўрсаткичини фотосуратга олиб қўйишни тавсия қилди.

Ҳозирда Тошкент шаҳрининг Юнусобод, Олмазор, Шайхонтоҳур, Учтепа, Миробод, Сергели ва Мирзо Улуғбек туманларидаги 257 мингдан зиёд аҳоли истеъмолчиларига замонавий электр ҳисоблагичлар ўрнатиб берилди. 

Ушбу замонавий электр ҳисоблагичлар истеъмолчиларга “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ маблағлари эвазига бепул ўрнатиб берилмоқда.

Жорий йил якунига қадар ушбу замонавий электр ҳисоблагичлар Тошкент шаҳрининг барча туманларига тўлиқ ўрнатиб берилиши режалаштирилган. 

“Шунга кўра, истеъмолчилардан ҳисоблагичларни алмаштиришга тўсқинлик қилмасликни, балки ёрдам беришингизни сўраймиз”, - дейилади маълумотда.

Мавзуга оид