Мактаблар рейтингида сохталаштиришлар кузатилгани сабаб натижалар қайта текшириб чиқилган
30 август куни илк бор республикадаги умумтаълим мактаблари рейтинги эълон қилинганди.
Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мактаблар рейтингини аниқлаш жараёнида учраган сохталаштириш ҳолатлари ҳақида маълумот берилди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Давлат инспекцияси бош бошқарма бошлиғи Аюбхон Раджиев таълим муассасалари рейтингининг асосий мақсадларидан бири - ўқувчилар билимини баҳолаш халқаро дастурларида мамлакатимизнинг ижобий иштирокини таъминлашга тайёрлаш эканлигини таъкидлар экан, рейтинг натижаларини объективлиги ва шаффофлигини таъминлаш Таълим инспекцияси олдидаги энг муҳим вазифа эканлиги маълум қилди.
А.Раджиев томонидан ушбу муҳим вазифани ижросини таъминлаш жараёнида аниқланган айрим нохолис ҳолатлар келтириб ўтилди.
Ишчи гуруҳлар томонидан жойларда ўтказилган назорат ишлари вақтида математика фан учун берилган саволлар китобини сохталаштириш (нусхалаш) ҳамда штрих ишлатиш ҳолати аниқланган, булар: Қашқадарёда 2 та мактабда, Жиззахда 1 та мактабда ва Наманганда 1 та мактабда аниқланган.
Бундан ташқари, Қашқадарёда 6 та, Фарғонада 6 та, Навоийда 5 та, Сурхондарёда 5 та, Наманганда 4 та, Бухорода 3 та, Хоразмда 3 та ва Андижонда 1 та ҳолатда назорат иши ўтказилаётган синфга ўқувчининг ўрнига бошқа ўқувчи яширинча киритилганлиги маълум бўлган.
Олий таълим муассасаларидан ва улар қошидаги академик лицейлардан она тили ўқитувчилари 9-синф ўқувчилари билан диктант ёздиришга ва текширишга жалб қилинган. Айрим вилоятларда диктант материаллари нохолис текширилгани оқибатида ўқувчиларнинг ўзлаштириш (10-20%) ва сифат (15-25%) кўрсаткичлари сунъий равишда ошиб кетгани аниқланди.
Жумладан, Хоразмда 21,6/24,6 фоиз, Фарғонада 17,7/22,7 фоиз, Андижонда 14,5/18,4 фоиз, Тошкент шаҳрида 13,8/15,4 фоиз, Навоийда 11,2/14 фоиз нохолис баҳолашлар қайд этилган.
Бунинг оқибатида рейтингда қатнашган барча 956та мактабларга тегишли назорат ишлари Давлат инспекциясида қайтадан текшириб чиқилди.
Йиғилишда Ўзбекистон 2021 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD)нинг таълим сифатини баҳолаш бўйича PISA (15-16 ёшли ўқувчилар билимини баҳолаш бўйича халқаро дастур) халқаро тадқиқотларида иштирок этиши таъкидланиб, юқоридаги каби нохуш ҳолатлар ушбу синовлар жараёнида ҳам кузатилса мамлакатимиз улардан четлаштирилиши маълум қилинди.
Якунда ҳудудий халқ таълими бошқармалари раҳбарлари ва умумтаълим мактаб директорларига келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик ҳамда мактаблардаги мавжуд камчиликлари сохталаштириш орқали эмас, балки таълим сифатини ошириш йўли билан ҳал қилиш вазифаси топширилди.
Мавзуга оид
17:37 / 12.11.2024
Ўзбекистон такси хизмати энг арзон давлатлар қаторига кирди
16:40 / 12.11.2024
Ўзбекистон сунъий интеллектга тайёрлик рейтингида Марказий Осиёда сўнгги ўринни эгаллади
16:52 / 07.11.2024
Ўзбекистоннинг 23 та олийгоҳи Осиё университетлари рейтингига кирди
19:02 / 28.10.2024