Ўзбекистон | 13:54 / 06.09.2019
8144
3 дақиқада ўқилади

Давлат кимё комиссияси қайта ташкил қилинмоқда

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг “Кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини синовдан ўтказиш ва рўйхатга олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат бошқарув тизимини такомиллаштириш тўғрисида” 2019 йил 17 апрелдаги ПФ-5708-сон Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази этиб қайта ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг:

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази ҳузуридаги Кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари давлат комиссияси (Давлат кимё комиссияси)ни Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини синовдан ўтказиш ва рўйхатга олиш бўйича давлат комиссияси этиб;

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази ҳузуридаги Кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари давлат комиссияси Ишчи органини Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини синовдан ўтказиш ва рўйхатга олиш бўйича давлат комиссияси Ишчи органи этиб қайта ташкил қилиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Ишчи орган Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази ҳузуридаги Кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари давлат комиссияси Ишчи органининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун тавсия этилаётган республикада ишлаб чиқарилган ва чет элдан олиб келинган кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ҳужжатларини ўрганиб чиқиш, уларнинг биологик жиҳатдан самарадорлигини, токсикологик-гигиеник ва экологик, шу жумладан тупроқ микрофлораси ва фаунасига таъсирини аниқлаш учун синовлар ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигида ўсимлик зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши фойдаланиш учун рухсат этилган кимёвий ва биологик ҳимоя воситалари, дефолиантлар ҳамда ўсимликларнинг ўсишини бошқарувчи воситалар рўйхатини юритиш;

рўйхатга олинган кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларининг инсон саломатлигига ва атроф-муҳитга салбий таъсири, номақбул хоссалари ҳамда биологик жиҳатдан самарадорлиги паст эканлиги аниқланган тақдирда уларни қўллашни тақиқлаш;

ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини қўллаш регламентлари ва қоидаларини ишлаб чиқишни ташкил этиш ҳамда тасдиқлаш.

Мавзуга оид