Ўзбекистон | 14:36 / 10.09.2019
25309
2 дақиқада ўқилади

Президент давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчилари томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги ишлар ҳарбий судларда кўрилиши белгиланди

Фото: Getty Images

Ўзбекистон Республикаси Президенти жорий йилнинг 5 сентябрь куни «Хавфсизлик ва мудофаа соҳасидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади.

Ҳужжат билан Президент давлат хавфсизлик хизматига юритуви унга тааллуқли бўлган ишлар бўйича терговолди текширувларини ҳамда жиноят белгиларини ва уларни содир этган шахсларни аниқлаш учун тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш, жиноят иши бўйича далил сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган маълумотларни аниқлаш ҳуқуқи берилди. 

Шунингдек, Президент давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий хизматчилари томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги ишлар ҳарбий судларда кўрилиши белгиланди.

Маълумот учун: «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 41-моддасига (Ҳарбий судлар судловига тааллуқли ишлар) кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳарбий судлари шу вақтга қадар:

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг, Давлат хавфсизлик хизматининг, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг, Ички ишлар вазирлиги қўшинларининг ва қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этиладиган бошқа ҳарбий тузилмаларнинг ҳарбий хизматчилари, шунингдек ўқув йиғинларида бўлган вақтда ҳарбий хизматга мажбурлар томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги ишларни;

ҳарбий қисмлар, қўшилмалар ва бирлашмалар, ҳарбий бошқарув органларининг қўмондонлигига нисбатан ҳарбий хизматчиларнинг даъволари бўйича фуқаролик ишларини ва ҳарбий бошқарув органлари ҳамда ҳарбий мансабдор шахсларнинг ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикоятларни;

алоҳида ҳолатларга кўра судлар фаолият кўрсатмаётган жойларда барча фуқаролик ва жиноят ишларини;

давлат сирларига тааллуқли ишларни;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ишларни кўрарди.

Бундан олдин, Президент давлат хавфсизлик хизматининг терроризмга қарши кураш соҳасидаги ваколатлари белгиланганди.

Мавзуга оид