Ўзбекистон | 11:38 / 12.09.2019
12087
3 дақиқада ўқилади

Аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлашнинг асосий вазифалари белгиланди 

Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Аҳолининг барча қатламларини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Қуйидагилар аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлашнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари, ишчи ва хизматчиларининг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда фуқаро муҳофазаси бўйича билимларини изчил ошириб бориш ва кўникмаларини ҳосил қилиш;

қутқарув хизматлари ва қутқарув тузилмалари, шунингдек, фуқаро муҳофазаси тузилмаларини фавқулодда вазиятларни бартараф этишга тайёрлаш;

аҳолини, шу жумладан, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлмаганларни, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари, умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари талабаларини фавқулодда вазиятларда муҳофазаланиш, жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш, жамоавий ва шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш қоидалари ва усулларига ўргатиш.

Белгиланишича:

аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлаш идоравий мансублиги ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатьи назар барча ташкилотларда иш вақтида ҳамда яшаш жойларида ўтказилади;

аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлаш тадбирларига методик раҳбарлик қилиш, уларни мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишган ҳолда ҳаётий фаолият хавфсизлиги ва фуқаро муҳофазаси йўналишларидаги ўқув дастурларини замонавий талаблар асосида такомиллаштирадилар ва 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб таълим жараёнига жорий этилишини таъминлайдилар.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда 2023 йил 1 январга қадар ҳарбий-маъмурий секторларни ривожлантириш жамғармасининг маҳаллий даражадаги маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига фавқулодда вазиятлар бошқармалари ҳаётий фаолият хавфсизлиги ўқув марказларида замонавий кўргазмали материаллар, интерактив ўқитиш воситалари билан жиҳозланган фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаш мажмуаларини ташкил этадилар.

Мавзуга оид