Жаҳон | 21:09 / 13.09.2019
6335
2 дақиқада ўқилади

Британия полицияси “қаттиқ” Brexit мафияга қўл келишидан огоҳлантирди

Фото: Reuters

Британия полицияси Brexit’нинг “қаттиқ” сценарийси амалга ошса, яъни Британия Европа Иттифоқи таркибидан келишувсиз чиқса уюшган жиноятчилик ютуқда қолишидан огоҳлантирди. Бу ҳақда Guardian нашри хабар берди. 

Brexit‘нинг салбий оқибатлари ҳақидаги докладни Темза водийси полицияси тайёрлаган. Полициянинг фикрича, “қаттиқ” Brexit ҳолатида мамлакатда дори-дармон, озиқ-овқат ва ёнилғи етказилиши билан муаммолар юзага келиши мумкин.

Бу муаммолар уюшган жиноий гуруҳларга қўл келиши мумкин. Полициянинг фикрича, улар тақчил маҳсулотларни қора бозорда сотиши мумкин. Бундан ташқари, озиқ-овқат ва дори-дармон етишмовчилиги ўғриликлар сони ошишига ҳамда оммавий норозиликлар ва тартибсизликларга олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, полицияга бу муаммолар билан курашиш учун офицерлар етмаслиги мумкин.

Докладда таъкидланишича, “юмшоқ” Brexit ҳолатида ҳам Британиянинг Европа Иттифоқи таркибидан чиқишининг салбий оқибатлари мафияга қўл келиши мумкин. Жумладан, одамлар савдоси билан боғлиқ жиноятлар сони ошиши мумкин, чунки Brexit Британияга қонуний эммиграция имкониятини чеклайди ва мамлакатда меҳнат мигрантлари сонининг камайишига олиб келади.

Полиция доклади Британия ҳукумати парламент депутатлари босими остида мамлакатнинг “қаттиқ” Brexit ҳолатидаги энг пессимистик сценарийни баён қилувчи ҳужжатни чоп этгандан кейин эълон қилинди. Ҳужжатда “қаттиқ” Brexit озиқ-овқат маҳсулотлари ва ёнилғи нархи ошишига, дори-дармон етказилишида муаммоларга ва тартибсизликларга олиб келиши мумкинлиги айтилган.

Мавзуга оид