20:02 / 13.09.2019
4
7055

Танқидга муносабат: Булоқбошидаги кўп қаватли уйларда камчиликлар бартараф этиляпти

Мурожаатлар ортидан танқидий-таҳлилий мақола ёзгани жойларга чиқиб, бор муаммоларни тўлиқ ўрганганимиздан сўнг мақола эълон қилинади.

Таажжубланарлиси,  мутасаддиларнинг танқидга нисбатан муносабати икки хил бўлади.

Баъзи раҳбарлар камчиликларни тан олмай, хаспўшлаб, ҳеч қандай муаммо йўқлигини исботлаш учун раддия ёзиш йўлини маъқул кўради. Қани эди РАДДИЯ билан масала ҳал бўлса...

Танқидни тўғри тушуниб, соғлом фикрлаган мутасаддилар эса, мавжуд муаммони зудлик билан ҳал этиш йўлини танлайдилар.

10 сентябрь куни KUN.UZ сайтида Андижон вилояти, Булоқбоши туман марказидаги М. Исмоилий МФЙ ҳудудидаги кўп қаватли уйлардаги таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларидаги камчиликлар тўғрисида «Ҳаммаёқни расво қилиб кетишди. Таъмирлаш кимнинг манфаати учун эди?» — Булоқбошидаги «Сирли ширкат» ҳақида” сарлавҳаси билан танқидий материал эълон қилинган эди.

Мақола кенг оммага тақдим этилгач, Булоқбоши туман ҳокимлиги, Андижон вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси вакиллари  кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли вакиллари билан ўша куннинг ўзида учрашиб, мавжуд камчиликларни бартараф этишга киришишган.

Булоқбоши туман ҳокими Ўткирбек Маъмуров хонадон соҳиблари арзларини тинглаб, тезкор равишда ободонлаштириш ишларини бошлаган.

Танқидий мақолада ёнма-ён жойлашган учта кўпқаватли уйларда яшовчи аҳолининг Халқ банки кредити асосида олиб борилган таъмирлаш ишлари охири етказилмаганлиги ва ошиқча нархда ҳисоблангани таъкидлаб ўтилган эди.

Андижон вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Машъалбек Тажибоев ҳам аҳоли вакиллари билан учрашиб, мавжуд муаммоларни ҳал этишга киришган. Бошқарма  томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, экспертлар «Булоқбоши қурилиш сервис», «Омадилло савдо люкс» жамиятлари томонидан олиб борилган таъмирлаш ишларини ҳисоб-китоб қилишни бошлашган.

Аҳоли вакилларининг таклифига биноан биз яна Булоқбошига бордик. Уч кун ичида вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ҳамда Булоқбоши туман ҳокимлиги томонидан камчиликларни бартараф этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилибди.

“KUN.UZ сайтида танқидий мақола чиққан куни туман ҳокимлиги, коммунал соҳа ходимлари келиб, биз билан суҳбат ўтказишди. Эртаси кунидан бошлаб эса таъмирлашдаги камчиликларни бартараф этиш ишлари бошланган. Ҳовлимиздаги ҳожатхона таъмири бошланиб, мана бугун томини ёпишмоқда. Ахлатхона қурилиши ҳам бошланган. Барча очиқ турган канализация люкларини беркитишди. Ичимлик суви қувурлари, жўмраклари таъмирланди. Уч кун ичида ҳаммаси тартибга келтирилди. Мутасаддилар томонидан муаммоларимиз тезкор равишда ҳал қилишга киришилганидан хурсандмиз.”, дейди Муроджон ота Тешабоев.       

Вилоят коммунал соҳа мутасаддилари билан Булоқбоши туманининг чекка ҳудуди бўлган Саноат, “Нефтчилар”, “Баландчек” МФЙларида имтиёзли маблағлари ҳисобидан мукаммал ва жорий таъмирланаётган 38 та уйда олиб борилаётган ишлар билан ҳам танишдик.

 Шуни яна бир бор таъкидлаб ўтмоқчимиз. Сайтимизда берилаётган танқидий руҳдаги мақолалар жойлардаги камчиликлардан мутасаддиларни хабардор қилиш ва масалани ҳал этиш мақсадида ёзилади.

 Мақолаларга раддия билан эмас, реал тарзда қилинган ишлар билан жавоб берилгани маъқул. Бу борада Андижон вилояти мутасаддиларининг муносабатини алоҳида тилга олиб ўтишимиз мумкин.

 Зеро, барчамизнинг мақсадимиз, вазифамиз бир - халқ фаровон яшаши учун хизмат қилиш.  

                                                                                              Элмурод Эрматов, Андижон

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top