Жамият | 19:33 / 16.09.2019
59152
3 дақиқада ўқилади

Андижонда туман ҳокимига туҳмат қилишда айбланган блогер 13 суткага қамалди

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда блогер орден билан тақдирланган ҳокимларни танқид қилгани учун жазога тортилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Kun.uz нашрига маълум бўлишича, 2019 йил 12 сентябрь куни Шаҳрихон туман маъмурий суди раиси С.Расулов раислигида ушбу иш кўриб чиқилган.

Суд қарорига кўра, ҳуқуқбузар Н.Ж. 2019 йил сентябрь ойида Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматилло Дадахоновга нисбатан Шаҳрихон тумани «Қум» ҚФЙ ҳудудида «Обод маҳалла» Давлат дастури доирасидаги ишлар сифатсиз амалга оширилгани ва пуллар ўзлаштириб юборилганини айтиб унга нисбатан туҳматдан иборат хабарларни тарқатган.

Туман прокуратурасининг ўрганишлари бўйича дастур доирасидаги электр мосламалари ўрнатиш-таъмирлаш ишлари, унга маблағ ажратиш ишлари туман ҳокимига боғлиқ эмаслигини аниқлаган. Шу асосда туман ҳокими Х. Дадахоновга нисбатан жиноят ишини қўзғатишни рад этган.

Шунингдек, 7-9 сентябрь кунлари ҳуқуқбузар туман ҳокимияти маъмурий биносига келиб, туман ҳокимини уятли сўзлар билан ҳақорат қилгани, ишчиларнинг тинчини бузгани ҳақида маълумотлар келтирилган. Блогернинг ҳаракатлари «майда безорилик» дея баҳоланган.

Блогер судда ўзига қарши айтилган гапларни инкор этган ва ҳеч кимни ҳақорат қилмагани бўйича кўрсатув берган. У президент виртуал қабулхонасига қўнғироқ орқали мурожаат қолдирган. Мурожаатда халқ манфаатини кўзламаган дея Яккабоғ туманидаги ҳолатни мисол қилиб келтирган.

Шунингдек, у ўзига қарши кўрсатма берганлар холис гувоҳлар эмаслиги, уларнинг барчаси ҳокимият вакиллари бўлишгани учун ўзига туҳмат қилингани ҳақида гапирган.

У Facebook’даги «Халқ назорати» гуруҳида туман ҳокими томонидан маблағлар ўзлаштирилгани ва вилоят ҳокимлари мукофотга арзимаслиги ҳақида ёзиб қолдирганини тан олган. У буни сўз эркинлигидан фойдаланиш, дея эътироф этган.

Суд жараёнида 6 нафар гувоҳ тингланган, молиявий назорат ташкилотларининг далолатномалари текширилган. Ҳуқуқбузарнинг кўрсатмалари эса жавобгарликдан қутулиш мақсадида айтилган, дея ҳисобланган.

Суд қарорига кўра, блогер маъмурий жавобгарлик тўғрисида кодекснинг 40-моддаси (туҳмат), 41-модда (ҳақорат қилиш), 183-моддаси (майда безорилик) каби ҳуқуқбузарликларда айбли деб топилган. Айбдорга нисбатан 13 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланган.

Тарафларга тегишли тартибда шикоят бериш ҳуқуқи тушунтирилган. 

 

Мавзуга оид