Жаҳон | 23:57 / 19.09.2019
5112
2 дақиқада ўқилади

Олмаотада Ўзбекистон бош консуллигининг янги биноси очилди  

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида Ўзбекистон бош консуллигининг янги биноси очилди.   

Бинонинг очилиши тантанали маросимида Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигининг Олмаотадаги ваколатхонаси раҳбари Ерлан Искаков, Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчиси Саидикром Ниёзхўжаев, Олмаотадаги бош консули Аброр Фатҳуллаев иштирок этишди.

“Бу, шубҳасиз, икки томонлама тараққий этган муносабатларимизни кўрсатувчи яна бир қадамдир. Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ўзининг илк давлат сафарини айнан Ўзбекистонга амалга оширган. Унда бир қатор келишувлар имзоланган, товар айланмаси оширилган, алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш учун янги вазифалар қўйилган”, деб айтган бино очилишида Саидикром Ниёзхўжаев.

Унинг айтишича, жорий йилда Ўзбекистонда 2018 йил Қозоғистонда ўтган Ўзбекистон йилининг мантиқий давоми сифатида Қозоғистон йили ўтказилмоқда. “Бугунги кунда Ўзбекистонда нафақат Қозоғистоннинг маданият арбоблари, балки ишбилармонлари иштирокида бир қатор тадбирлар ўтказилган”, деб қўшимча қилган Ўзбекистон элчиси.

Ўз навбатида Ерлан Искаков янги бино консуллик-ҳуқуқий ва виза масалаларини юритиш учун барча халқаро стандартларга жавоб беришини ва у ёки бу масала бўйича мурожаат қилувчи Ўзбекистон фуқаролари талабларига жавоб беришини айтиб ўтган.

Статистик маълумотларга кўра, 2018 йилда Қозоғистонга 2,5 млн ўзбекистонлик, Ўзбекистонга эса 2,3 млн қозоғистонлик ташриф буюрган. Ўзбекистонинг Олмаотадаги бош консули Аброр Фатҳуллаевнинг таъкидлашича, консуллик ҳисобида Қозоғистонда доимий яшаш жойига эга 50 минг ўзбекистонлик туради. Шунингдек, 2020 йилда икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 5 млрд долларгача етиши мумкин. 

Айни вақтда Қозоғистонда ўзбек капитали иштирокидаги 1057 та корхона, Ўзбекистонда эса  қозоқ капитали иштирокидаги 645 та корхона фаолият юритади.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид