Жамият | 15:21 / 24.09.2019
6788
3 дақиқада ўқилади

Мурожаат натижаси: Попдаги қишлоқда темир-бетон симёғочлар ўрнатилмоқда

Kun.uz сайтида «Симёғочни ушласангиз ток уради». Попдаги муаммоларга «кўмилган» қишлоқ» сарлавҳали мақола эълон қилингач, ҳудудда электр темир-бетон симёғочлар ўрнатилиши бошланган.

Мақолада Наманган вилоятининг Поп тумани Миробод қишлоғидаги камчиликлар кўрсатиб ўтилган эди. Мурожаатчилар ичимлик суви йўқлиги, электр симёғочлар хавфли ҳолатда экани ва бошқа муаммолардан эътироз билдиришганди.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ матбуот хизмати хабар беришича, мақола эълон қилинган куннинг ўзида ишлар бошлаб юборилган. Жамият ходимлари томонидан 2020 йил учун режа этиб белгиланган янги 1,5 км узунликдаги 6-0,4 кВли тармоқ қурилиши учун чуқурлар кавланиб, шу куннинг ўзидаёқ темир-бетон таянчлари олиб борилган ва уларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Расмий ахборотга кўра, Поп туманида шу кунга қадар жами 10та янги трансформатор пунктлари ўрнатилган бўлиб, 16 км узунликдаги 10-6-0,4 кВли электр узатиш ҳаво тармоғи қурилган, 36та трасформатор пунктлари ва 110 км узунликдаги 10-6-0,4 кВли электр узатиш ҳаво тармоқлари таъмирланган. Жумладан, «Янги ер» МФЙда 2019 йилнинг сентябрь ойигача 3 дона янги трансформатор пункти ўрнатилган бўлиб, жами 300га яқин янги темир-бетон таянчлари қурилиб, 2,4 км узунликдаги 6 кВли ҳамда 4 км узунликдаги  0,4 кВли янги электр узатиш ҳаво тармоғи тортилган.

«Янги ер» МФЙ аҳолисининг электр таъминоти билан боғлиқ олиб борилаётган ишлар «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан назоратга олинган.

«Айни вақтда электр энергияси таъминоти билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан «Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖнинг 69-228-75-83 рақамига ёки «Telegram» ижтимоий тармоғидаги «Hududiy elektr tarmoqlari» AJ bilan muloqot» канали (@hetmuloqot, @HET_admin) орқали ҳам ўз мурожаатларингизни йўллашингизни сўраймиз», дейилади жамият маълумотида.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, масала юзасидан «Ҳудудий электр тармоқлари» томонидан зудлик билан ишлар бошланди, бироқ бошқа мутасадди ташкилотлар ҳозирча жим. Таҳририят воқеалар ривожини кузатиб боради.

 

Мавзуга оид